Жо Байден навбатдаги президентлик сайловларида ҳам ўз номзодини қўймоқчи

0

АҚШ президенти Жо Байден 2024 йилда иккинчи муддатга президентликка номзодини қўйишни режалаштираётганини айтди. Бу ҳақда АВС телеканали хабар бермоқда.
Нашрнинг ёзишича, Байден ўз режалари ҳақида сентябрь ойида воиз Ал Шарптон билан учрашувда гапирган. У президентликка номзодини кўрсатиб, амалдаги сиёсатини давом эттирмоқчи эканини айтди.

Байденнинг тарафдорлари унинг иккинчи муддатга сайланиш нияти ҳақида бир неча бор гапирган. Бироқ, унинг ўзи сўнгги пайтларда ушбу мавзу бўйича ҳар қандай баёнотлардан ўзини олиб қочмоқда.

Айни пайтда АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида Республикачилар партияси вакиллари АҚШ президенти Жо Байденга нисбатан импичментни бошлаш имкониятини муҳокама қилмоқда. Айрим республикачилар Байден раҳбариятининг сўнгги икки йилини “даҳшатли туш”га айлантиришга аҳд қилган.

Аввалроқ Washington Post газетаси шарҳловчиси Меган МакАрдл АҚШ президенти Жо Байденнинг аҳволи сўнгги ўн йил ичида сезиларли даражада ўзгаргани, унинг жамоатчилик олдида ўзини тутиши қайта сайланиш имкониятини шубҳа остига қўйгани ҳақида ёзган эди. Унинг фикрича, коронавирусга қарши кураш учун жорий қилинган ижтимоий чекловлар туфайли 2020 йилги сайлов кампанияси сезиларли даражада қисқарган, акс ҳолда АҚШ унинг саломатлиги билан боғлиқ муаммоларни аввалроқ кўрган бўлар эди.