Таниқли шоир ва драматург Ҳайдар Муҳаммад вафот этди

0

Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир ва драматург, «Дўстлик» ордени соҳиби Ҳайдар Муҳаммад вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хабар берди. 

Ҳайдар Муҳаммад 1936 йили Тошкентда таваллуд топган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг кечки филология бўлимини тугатган (1966). Ўзбекистон телерадиосида муҳаррир (1965-1976), Маданият ишлари вазирлигида масъул вазифаларни (1976-1980) бажарган. Кўп йиллар Ҳамза номли Академик драма театрида хизмат қилган.

Унинг биринчи шеърий тўплами «Кўнглим менинг» номи билан 1975 йилда нашр бўлган. Шундан сўнг «Олчамнинг туғилган куни» (1978), «Йўлларингга муштоқман» (1979), «Ипак гиламлар» (1990), «Ҳазилкаш шоҳ» (Сайланма, 1994) каби шеърий ва драматик асарлари, тўпламлари чоп этилган.

Ҳайдар Муҳаммад мусиқа жанрининг жуда кўп турлари учун шеърлар ёзган, «Шоир овози» достони (Сайфи Жалил мусиқаси), «Ёшлигим» сюитаси (Д. Зокиров), «Менинг оппоқ қўшиғим» каби туркумлари (Баҳрилло Лутфуллаев мусиқаси) шулар жумласидандир. Унинг «Тошкентнинг нозанин маликаси» (Манас Левиев мусиқаси), «Кўнгил – чинни пиёла» (1987, Комил Кенжаев мусиқаси), «Куёвлар конкурси» (1991, Р. Азизхўжаев билан Т. Ҳасанов мусиқаси), «Ҳар кимки вафо қилса…» (1994, Бобур ҳақида. А. Исмоилов, С. Ҳайитбоев мусиқаси) каби мусиқали драма ва комедиялари томошабинларга манзур бўлган.

Унинг «Хотинлар «гап»идан чиққан ҳангома»комедияси асосида суратга олинган «Темир эркак» фильми республикада энг кўп томошабин кўрган асарлардан биридир.

«hordiq.uz» сайтининг таҳририяти марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.