Тиббиётда халқаро ҳамкорлик катта аҳамиятга эга. Айниқса, хирургия йўналишида тиббий хизмат сифатини ошириш, замонавий ва илғор даволаш усулларини амалиётда кенг қўллашда бу жиҳат муҳим роль ўйнайди.
Шу маънода академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази дунёнинг етакчи тиббиёт муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
— Бугунги кунда хорижлик моҳир хирурглар билан биргаликда марказимизда кўплаб мураккаб операциялар ўтказилмоқда, — дейди муассаса директори Саидмурод Исмаилов. — Жумладан, жорий йил Швейцариянинг Цюрих университети Торакал жарроҳлик шифохонаси мутахассислари иштирокида ўпка ва кўкс оралиғи жарроҳлиги бўлимида 3 та юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Қолаверса, Н.И.Пирогов номидаги Санкт-Петербург давлат университетининг етакчи кардиожарроҳи Максим Столяров томонидан маҳаллий жарроҳларимиз учун юрак ишемик касаллиги ва унинг асоратлари, инфарктдан кейинги чап қоринча аневризмаси, паст қисқарувчанлик хусусиятига эга чап қоринча билан асоратланган беморларни хирургик усулда даволаш бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.
Юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича марказимизнинг 20 нафар мутахассислари хорижнинг етакчи илмий марказларида тажриба орттириб қайтди. Шу билан бирга, жорий йил чет элдаги нуфузли илмий марказлар, жумладан, Ҳиндистоннинг Apollon, Artemis, Aakash Healthcare ҳамда Manipal клиникалари ва Туркиянинг Acibadem касалхоналари билан ўзаро меморандумлар имзоланди.
Бугунги кунда марказ негизида 3 нафар чет эллик моҳир жарроҳлар фаолият юритмоқда. Улардан бири кардиохирургия, икки нафари эса жигар трансплантацияси бўйича мутахассислардир. Энг муҳими, бу каби ҳамкорлик алоқалари маҳаллий шифокорларимизнинг билим ва малакаларини оширишга хизмат қилаётир.
Президентимизнинг 2021 йил 4 октябрдаги “Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан РИХИАТМ негизида малакали хирург мутахассисларни тайёрлаш мақсадида мамлакатимизда ўхшаши бўлмаган симуляцион марказ ташкил этиш ва унда ҳудудий филиаллар мутахассисларини ўқитиш режалаштирилган.
Яна бир муҳим янгилик, Хирургия марказида яқин келажакда юртимизда илк бор юрак трансплантацияси амалиётини ўтказиш мақсад қилинган.
Энг муҳими, тиббиётимиздаги бундай ижобий ўзгаришлар, аввало, халқимиз саломатлигини сақлаш, аҳолига ихтисослаштирилган сифатли тиббий хизмат кўрсатишга хизмат қилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.