Ўзбек-қирғиз чегараолди ҳудудида ГЭС қурилади

0

Ўзбек-қирғиз чегараолди ҳудудида қуввати 6,7 МВт бўлган Когарт кичик гидроэлектр станцияси қурилади. Бу ҳақида Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Бахит Торобоев ўртасида учрашувда маълум қилинди. Бу ҳақда Sputnik хабар берди.

Онлайн бўлиб ўтган учрашувда чегараолди ҳудудда Саноат кооперацияси марказини ташкил этиш, тўқимачилик мажмуаси ва Когарт кичик гидроэлектр станциясини қуриш масалалари кўриб чиқилди. Томонлар инвестиция келишувлари тўпламини ишлаб чиқишни имкон қадар тезроқ якунлаш бўйича келишувга эришишди.

 

Томонлар қуйидаги ҳамкорликка келишиб олишди:

 

Озиқ-овқат ва уруғлик картошка етиштиришни ташкил этиш;

Чорвачилик комплексларини яратиш;

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, иссиқхоналар учун ускуналар ва жун маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун хомашё етказиб бериш.

Шунингдек, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик соҳасида йўловчи автобуслари ва темир йўл ташишларини қайта тиклаш, икки давлат ўртасидаги авиақатновлар сони ҳам кўпайтирилади.
Қолаверса, томонлар “Иркештам — Дароот — Қўрғон — Уч-Қўрғон” автомобиль йўлини қуриш имкониятларини муҳокама этиб, ушбу йўналишда барча зарур чораларни кўришга тайёрлигини билдиришди.

 

Учрашувда алоҳида тартибда Бишкек шаҳрида Икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Қирғизистон Ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг 10-йиғилиши ва бизнес-форумни икки мамлакат минтақалари раҳбарлари иштирокида юқори ташкилий даражада ва мазмун жиҳатидан бойитилган тарзда ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.