Бастакор Сергей Кузнецов 59 ёшида вафот этди

0

Рус эстрадасида ўз ўрнини топган «Ласковий май» гуруҳининг асосчиси, бастакор Сергей Кузнецов Россиянинг Оренбург вилоятида 59 ёшида вафот этди. Бу ҳақда 7 ноябрь куни «Оренбург» давлат телерадиокомпанияси хабар берди.

Бастакор 5 ноябрь куни Оренбург вилоятида «Ласковий май» гуруҳининг хонандаси Юрий Шатунов хотирасига бағишланган концерт дастурини ўтказган. Ҳозирда Сергей Кузнецовнинг ўлими сабаблари маълум қилинмаган.

Маълумот учун, рус бастакори 1964 йилнинг 6 ноябрь санасида Россиянинг Оренбург вилоятида туғилган. У «Оқ атиргуллар», «Ойдин кеча», «Пушти тун» қўшиқлари муаллифи, шунингдек, 1986 йилда ташкил топган «Ласковий май», «Чернила для пятого класса» каби гуруҳларнинг асосчиси бўлган.

«Ласковий май» — 80 йиллар охири 90 йилларда хит бўлган тароналарни ижро этган рус эстрадасининг дунёга машҳур гуруҳи. Гуруҳ хонандалари томонидан куйланган «Оқ атиргуллар», «Ёз», «Тун бўлсин», «Ойдин кеча», «Эриётган қор» каби қўшиқлар нафақат Россияда, балки бошқа мамлакатларда ҳам ҳозирга қадар севиб тингланади.

iz.ru