ЖССТ: Бир ярим миллиардга яқин ёшлар эшитиш қобилиятини йўқотиши мумкин

0

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бугун ёшлар ўртасида оммалашиб улгурган, бироқ кўпчиликнинг эътиборидан четда қолаётган “глобал хатар” ҳақида янги баёнот билан чиқди.

Унда қайд этилишича, дунё бўйича 1,5 миллиард нафаргача ёшлар қулоқчинлар орқали мусиқа тинглаш ёки шовқин-суронга бой кўнгилочар манзилларда бўлиш оқибатида ўз эшитиш қобилиятини йўқотиши мумкин.

Табиийки, бу шунчаки тахмин ёки башорат эмас! Чунки хавотирланиш учун жиддий асослар бор. ЖССТ экспертларининг хулосаси сўнгги 20 йил ичидаги ўрганишларни қамраб олган.

Қолаверса, 12 ёшдан 35 ёшгача бўлган 19 минг нафардан зиёд йигит-қизлар иштирокида ўтказилган тадқиқот натижаларини жамлаган.

Маълум бўлишича, қатнашчиларнинг 24 фоизи смартфонлардан қулоқчинлар орқали баланд товушда мусиқа тинглашга одатланган. 48 фоиз иштирокчилар эса шовқин даражаси меъёрдан юқори бўлган тунги клубларда вақт ўтказишни хуш кўрган.

Ушбу таҳлилларни бирлаштирган тадқиқотчилар Ер юзида 670 миллиондан 1,35 миллиард нафаргача ёшлар эшитиш қобилиятини йўқотиши мумкин, деган тўхтамга келишди.

Шифокорлар фикрича, мазкур муаммонинг олдини олиш йўли осон. Бунинг энг самарали усули мусиқани пастроқ частотада ва қисқа муддат тинглашдир.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here