Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар вакиллари жамланган минтақавий платформада қандай масалалар муҳокама қилинди?

0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси аъзолари 2022 йилнинг 21 ноябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида иш бошлаган Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг минтақавий мулоқотда иштирок этмоқда.

Марказий Осиёдаги миллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтларини қўллаб-қувватлаш ташаббуси – бу Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтларининг минтақавий мулоқот платформаси бўлиб, у 2016 йил ноябрь ойида БМТ Тараққиёт Дастурининг Истанбул минтақавий маркази ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси кўмагида ташкил этилган.

Унинг мақсади минтақадаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтларини самарали, мустақил ва ҳамкорликда ишлаши, илғор амалиётлар билан танишиши ва ўзаро тажриба алмашишдан иборат. Шунингдек, ушбу платформа БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга ҳисса қўшади.

Семинар шаклида ўтказилган минтақавий мулоқотда таъкидланишича, минтақавий платформа инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг салоҳиятини ошириш билан бирга минтақадаги мавжуд муаммоларни миллий ва халқаро стандартлар доирасида ҳал этишда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ўрнини оширишга хизмат қилади.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова мамлакатимизда амалга оширилаётган инсон қадрига асосланган ислоҳотларда Омбудсманнинг иштироки ҳақида тўхталар экан, у жамиятда кўтарилаётган инсон ҳуқуқларига оид масалаларга ўз муносабатларини бериб бораётгани ва мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш мақсадида тегишли органларга ўз таклифларини бериб бораётганига урғу берди. Қолаверса, Янги Ўзбекистоннинг Янги Конституциясини ишлаб чиқиш борасидаги ислоҳотлар натижасида Омбудсман институтига қонунчилик ташаббуси ҳуқуқининг берилаётганини қайд этди.

Сессияларга бўлинган ҳолда ўтказилган тадбирда Омбудсманларнинг Миллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муассасаларининг Глобал альянси томонидан аккредитациядан ўтказиш, Париж тамойилларини амалиётга татбиқ этиш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг БМТнинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш механизмларидаги иштироки, муқобил ҳисобот киритишдаги илғор амалиётлар, зиддиятли масалаларда Омбудсманларнинг ўрни, бизнес ва инсон ҳуқуқлари каби долзарб мавзуларда муҳокамалар ўтказилди.

Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар учун ташкил этилган минтақавий семинар ўз ишини 22 ноябрга қадар давом эттиради.

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here