Уруш сабабли 5 миллион украиналик ўз ишидан айрилган

0

Украинада камида 5 миллион киши уруш натижасида ишсиз қолди, дея маълум қилди Украина иқтисодиёт вазири ўринбосари Татьяна Бережная Польша-Украина иқтисодий форумида.

«Уруш Украина меҳнат бозорини вайрон қилмоқда. 10 миллион ишчи меҳнат қилган ҳудудлар бугун жанг майдонига айланган», — дейди Бережная.

Унинг сўзларига кўра, уруш туфайли 7 миллионга яқин аҳоли Украинани тарк этган. Хусусан, ҳозирда 1,5 миллион украиналик вақтинчалик ҳимоя дастури доирасида Польшада жон сақламоқда.

Бир кун аввал Украинанинг йирик хусусий энергетика компанияси ДТЭК раҳбари Максим Тимченко BBC’га берган интервьюсида украиналиклар энергетика тизимидаги юкламани камайтириш учун ҳаракат қилиш ҳақида ўйлаб кўришлари кераклигини айтган эди.

Ҳукумат илгари ҳам хориждаги украиналикларга электр қуввати тақчиллиги сабабли уйларига қайтмасликни маслаҳат берган, бироқ одамлардан мамлакатни тарк этишни сўрамаган.