Қарз шартномаси нима?

0

Қарз шартномаси ҳали кишилик жамиятидаги ижтимоий, иқти­содий ва ҳуқуқий муносабатлар у қадар ривожланмаган пайтлардаёқ, муайян муддатга моддий ашёларни қайтариш шарти билан бериб туриш тарзида шаклланган эди. Қарз шартномасининг дастлабки ҳуқуқий белгилари қадимги Римда яратилди. Пул ихтиро қилиниши билан қарз шартномаси ўзининг ҳозирги кўринишини олган. Энди­ликда қарз деганда, муайян муддатга қайтариш шарти билан пул бериб туриш тушунилади. Шу тариқа қарз беришга нафақат, ўзаро ёрдам ва ишончнинг тури, балки фойда кўриш воситаси сифатида ҳам қарала бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасида, қарз шартномаси ва унинг тушунчаси нормаланган бўлиб қарз шартномаси ҳам мажбуриятнинг бир туриб бўлиб фуқаролик муомаласида кенг тарқалган ҳуқуқий институтлардан бири ҳисобланади. Қарз шартномаси мулк ҳуқуқини  бир шахсдан иккинчи шахсга ўтадиган шартномалар туркумига киради ва ўзининг тузилиши жихатидан бошқа битимлардан ўзига хослиги билан ажралиб туради.

Қарз шартномаси деб шундай шартномага айтиладики, бунга асосан бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради. Қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баровар ашёларни қайтариб бериш мажбуриятини олади. Шартноманинг таърифидан маълум бўладики, пул маблағи ёки ашё бир шахсдан иккинчи шахсга ўтиб ҳуқуқ ва бурчларни вужудга келтиради.

Қарзни қайтармаслик мусулмон ҳуқуқида оғир гуноҳлардан бири ҳисобланади.

Ҳозирда фуқаролар ўртасида тижоратни йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун қарз олди-бердиси ҳам амалга оширилиб келмоқда. Қарзнинг бу тури оддий қарз эмас, балки қарз капитали сифатида талқин қилиниши лозим бўлади. Чунки қарзга олинган пул воситасида ёки маҳсулот (товар)  ишлаб чиқарилади ёки қўшимча пул маблағи орттирилади. Пул эгаси учун қарз олувчи пулни қандай ишлатишининг ҳеч бир аҳамияти йўқ, у қарз ҳақини (фоизларни) олса бўлди.

Қарз шартномаси фуқаролар ўртасида агар бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бароваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклида тузилиши, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса, қарз суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт бўлиб, мазкур турдаги шартномалар нотариал идоралар томонидан расмийлаштирилади.

Қарз шартномасининг оддий ёзма шаклига амал қилмаслик шартноманинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади. Яъни қарзга олувчи шартнома шартларини бажармай, қарз суммасини қайтаришдан бош тортган тақдирда, тегишли суд идораларига даъво ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилишига олиб келишини тушуниш лозим.

Инсон ҳаётида қарз олди-бердиси энг аҳамиятли масалалардан бири ҳисобланади. Ҳар қандай инсон ҳаётда яшар экан, қарз олди-бердисини бошидан кечирмай иложи йўқ.

Биз юқорида қарз шартномасининг пул ёки ашёни бир шахсдан иккинчи шахсга ўтиши натижасида вужудга келишини ва ҳуқуқ ва бурчларини пайдо қилишини айтиб ўтдик. Фуқаролик қонунчилигида шундай бир қоида борки,  унга кўра тарафларнинг келишувига мувофиқ, олди-сотди, мулкни ижарага олиш ёки бошқа асослар туфайли пайдо бўлган ҳар қандай қарз қарз мажбурияти билан алмаштирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик кодексига кўра қарз шартномасининг ўзгартирилиши ва бекор қилиниши шартномаларни ўзгартириш ва бекор қилиш бўйича берилган нормалар асосида амалга оширилади. Яъни қарз шартномаси ҳам тарафларнинг ўзаро келишувига кўра ва суд тартибида ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.

Б.Мустафаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси