Ғарбий Африка давлати Мали ва Франция ўртасидаги таранглик давом этмоқда

0

Ғарбий Африка давлати Мали ва Франция ўртасидаги таранглик давом этмоқда.

Франция Малига тараққиёт ёрдамини тўхтатишини эълон қилганидан сўнг, ҳарбий хунта Франция томонидан қўллаб-қувватланадиган нодавлат ташкилотлар фаолиятини тақиқлашга қарор қилди. Хунта маъмурияти бош вазири полковник Абдулае Маиганинг айтишича, бу қарор Франциянинг Малига тараққиёт ёрдамини тўхтатганига жавобан қабул қилинган.

Франция хунта маъмуриятининг Малидаги Вагнер билан алоқаларини таъкидлаб, ёрдамни тўхтатишини айтган эди. Бош вазир Маига эса Франциянинг даъволарини «фантазия» деб баҳолади ва «бундай айбловлар Малини халқаро ҳамжамиятдан ажратиб қўйишга қаратилганини» таъкидлади.

Шу тариқа Ассими Гоита бошчилигидаги ҳарбий хунта маъмурияти Малидаги Франция молиялаштирган нодавлат ташкилотлар фаолиятини зудлик билан тақиқлашга қарор қилганини маълум қилди. Таъкидлаш жоизки, тўнтаришдан сўнг хунтанинг Россия билан яқинлашиши Франциянинг аста-секин Малидан чиқиб кетишига олиб келди.