26 ноябр куни эрталаб соат 8:10 ларда А-373 Тошкент-Ўш-Андижон автомагистралининг 389-390-километрлари оралиғида «Исузу» автобуси ва юк машинаси ўртасида тўқнашув содир бўлган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий бошқармаси маълумотига кўра, тўқнашув оқибатида жами 41 нафар фуқаро жароҳат олган, шулардан 3 нафари воқеа жойида вафот этган.
38 нафар йўловчи турли жароҳатлар билан Бўстон туман тиббиёт бирлашмаси шифохонасига олиб келинган. Уларнинг ҳолати зудлик билан вазирлик назоратига олинди.
Беморлардан 3 нафарида ушбу ихтисослашган бригадалар томонидан жарроҳлик амалиёти бажарилди. Барча жабрланганлар бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилиб, жароҳат оғирлигига кўра, 17 нафари Бўстондан Шаҳрихондаги қўшма шикастланишлар марказига, 10 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига етказилди.
Айни пайтда уларга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Д.Тўлаганов бошчилигида воқеа жойига тезкор етиб борган бригадалар томонидан тегишли даволаш стандартлари асосида чуқурлаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.