Ўзбекистонда «Энг зўр-2022» ғолиблари эълон қилинди

0

26 ноябрь куни Тошкентдаги «Renessans Hall» залида ўзбек футболи ва футзалининг 2022 йилги энг яхшиларини тақдирлаш маросими ўтказилди. ЎФА ва ПФЛ томонидан ўтказилган «ENG ZO‘R Uz Football Awards-2022» маросимида йил давомидаги бир қатор номинациялар ғолиблари эълон қилинди.

«Ўзбек футболи нуронийси» – Ўзбек футболи тарихидаги энг ёрқин юлдузлардан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози, «Шуҳрат» медали соҳиби — Биродар Абдураимов «Ўзбек футболи нуронийси» соврини билан тақдирланди.

«Фидойилик рамзи» – қарийб 35 йилдан буён қўқонлик футбол мухлислари, Қўқонга ташриф буюраётган футбол жамоалари учун хизмат қилаётган инсон, 70 ёшли Анвар Охунов «Фидойилик рамзи» соврини билан тақдирланади. «Қўқон-1912», «Турон», «Нефтчи», «Дўстлик-Олтиариқ» каби жамоалар мухлислари ўз стадионларини Анвар аканинг овозисиз тасаввур қила олмайди.

«Фейр-плей» – Мавсум давомида энг кам бюджет айнан «Хоразм» футбол клубида эди. Суперлиганинг айрим жамоалари «Хоразм» клубининг сметасидан 20 баробар кўпига эга. Шунга қарамай, хоразмлик футболчилар ҳақиқий ирода кўрсатди. Йигитлар бир неча ой маош олмаган ҳолатида ҳам ғурур ва номусидан воз кечмади. Улар ўз ота-онаси, оиласи ва мухлислари учун охиригача жанг қилди. Ўта кам смета билан Про лиганинг тўртинчи жамоаси бўлиш таҳсинга сазовор.

«Энг яхши ёшлар мураббийи» – Ўзбекистон U-18 жамоаси бош мураббийи Фарҳод Нишонов бу совринга муносиб топилди.

«Аёллар Олий лигаси тўпурари» – «Сўғдиёна-W» клуби етакчиси Диёра Ҳабибуллаева 37 та гол билан жорий мавсумнинг Аёллар Олий лигаси тўпурарига айланди.

«Аёллар Олий лигаси йил футболчиси» – «Севинч» клуби вакиласи Мафтуна Шойимова «Аёллар Олий лигаси йил футболчиси» совринини қўлга киритди.

«Аёллар Олий лигаси мураббийи» – «Севинч» клуби бош мураббийи Владислав Хан «Аёллар Олий лигаси мураббийи» совринини қўлга киритди.

Йил ҳакамлари — Вадим Агишев ва Розиябону Юсупова

Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги энг яхши ёш футболчиси – Аббосбек Файзуллаев (Пахтакор ва Ўзбекистон U20 жамоаси аъзоси).

19 ёшли яримҳимоячи «Пахтакор» билан Суперлигада чемпион бўлди, 21та баҳсда 5та гол ва 2та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Ўзбекистон U-23 сафида Осиё кубогида кумуш медални қўлга киритди.

Ўзбекистонда 2022 йилнинг энг яхши футзал мураббийи – Баҳодир Аҳмедов. Мураббий Ўзбекистон миллий жамоаси билан Осиё Кубогида бронза медалини қўлга киритди, «Жиззах Кентекс»ни Ўзбекистон чемпионига айлантирди.

Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги энг яхши футзалчиси – Ҳусниддин Нишонов. Самарқанд футзал мактаби тарбияланувчиси Ўзбекистон миллий жамоаси сафида Осиё Кубогида бронза медалини қўлга киритди, «Жиззах Кентекс» билан мамлакат чемпионига айланди.

Про лигада мавсумнинг энг яхши мураббийи – Виктор Кумиков. Мураббий «Андижон»ни Про лигада чемпион қилиб, Суперлигага қайтарди.

Про лигада мавсумнинг энг яхши футболчиси – Рўзимбой Аҳмедов. 23та гол урган «Бухоро» ҳужумчиси тўпурар бўлди ва жамоаси билан Суперлигага қайтди.

Про лига, U-21 ва аёллар чемпионати трансляциялари учун Sports.uz сайти ва шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов махсус соврин билан тақдирланди.

Суперлигада йилнинг энг яхши мураббийи – Рўзиқул Бердиев. Унинг қўл остида «Насаф» Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди, Суперлигада 3-ўринни эгаллади.

Суперлиганинг энг яхши футболчиси ва тўпурари – Драган Черан. Ҳужумчи 20та гол билан чемпионатда тўпурар бўлиб, «Пахтакор»нинг чемпион бўлишига ҳисса қўшди.

Суперлига-2022 мавсумbнинг энг чиройли голи муаллифи – Ислом Тошпўлатов. «Сурхон» яримҳимоячисининг «Қўқон-1912» (3:2) дарвозасига урган суперголи номинацияда ғолиб бўлди.

Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги энг яхши мураббийи – Темур Кападзе. Унинг бошқарувидаги Ўзбекистон U-23 миллий жамоаси Осиё Кубогида финалгача етиб борди, унинг қўл остида Суперлигада дебют қилган «Олимпик» мавсумни 6-ўринда якунлади.

Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги энг яхши футболчиси – Жамшид Искандеров. Яримҳимоячи «Навбаҳор» билан Суперлигада ва Ўзбекистон Кубогида 2-ўринни қўлга киритди. 29та ўйинда 9та гол ва 6та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди.

Номинациялар эълон қилингач, Суперлигада мавсум рамзий жамоаси аниқланди:

Суперлига-2022 рамзий жамоаси:

Дарвозабон: Ўткир Юсупов

Ҳимоячилар: Дилшод Саитов («Насаф»), Ҳусниддин Алиқулов («Насаф»), Рустам Ашурматов («Навбаҳор»), Фарруҳ Сайфиев («Пахтакор»)

Ярим ҳимоячилар: Абдурауф Бўриев («Олимпик»), Сардор Собирхўжаев («Пахтакор»), Хуршид Ғиёсов («Олимпик»), Отабек Жўрақўзиев («Олимпик»), Жамшид Искандеров («Навбаҳор»)

Ҳужумчи: Драган Черан («Пахтакор»)

Мураббий: Максим Шацких («Пахтакор»).