Маймун чечагига нисбатан янги атама қўлланилади

0

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ирқчилик ва камситувчи фикрлар туфайли эндиликда маймун чечагига нисбатан “monkeypox” сўзи ўрнига янги “mpox” атамасидан фойдаланади. Бу ҳақда РИА Новости ташкилот сайтида эълон қилинган баёнотга таяниб, хабар берди.

“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жаҳон экспертлари билан бир қатор муҳокамалардан сўнг инглиз тилидаги янги “mpox” атамасини маймун чечагининг синоними сифатида қўллашни бошлайди. Маймун чечаги истеъмолдан чиқиб кетгунга қадар иккала ном бир йил давомида баробар қўлланилади”, – дейилади ҳужжатда.

ЖССТ маълумотларига кўра, жорий йил бошида маймун чечаги эпидемияси бошлангач, Интернетда ва баъзи жамиятларда ирқчилик ва қораловчи фикрлар билдирилган.

ЖССТ маймун чечаги эпидемиясини халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат сифатида тан олди, бироқ бу эпидемия хавф юқори бўлган Европадан ташқари дунёнинг барча минтақалари учун ўртача хавф туғдиришини таъкидлади.

Маймун чечаги камдан-кам учрайдиган вирусли инфекция бўлиб, у одамлар орасида ҳам юқиши мумкин. Бу одатда енгил касалланиш бўлиб, кўпчилик бир неча ҳафта ичида тузалиб кетади, аммо баъзиларида асоратлар пайдо бўлиши мумкин. Маймун чечагининг дастлабки белгиларига иситма, бош оғриғи, мушак оғриғи, бел оғриғи, шишган лимфа тугунлари, титроқ ва чарчоқ киради. Кўпинча юздан бошланиб, тананинг қолган қисмларига тарқалувчи тошма пайдо бўлиши мумкин.