Қашқадарёда «КамАЗ» 9 ёшли қизни босиб кетди

0

Қашқадарё вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вояга етмаган қиз ҳалок бўлди.

Қайд этилишича, 22 ноябрь соат 12:30 ларда ҳайдовчи Н.Б. «КамАЗ» русумли автотранспорт воситасини А-378 Самарқанд—Ғузор автомобиль йўлидан Ғузор тумани томон бошқариб бориб, Қамаши тумани «Узун» МФЙ ҳудудидаги пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган вояга етмаган 9 ёшли Қ.С.ни уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. Оқибатда вояга етмаган пиёда Қ.С. оғир тан жароҳати олиб вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қамаши туман ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи жиноят ишлари бўйича Қамаши тумани судининг ажримига асосан қамоққа олинган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.