Туркия туризмида тенги йўқ Муғла вилояти ҳақида нималарни биласиз?

0

Туркиянинг Эгей минтақасида жойлашган Муғла ўзининг табиий гўзалликлари, тарихий бинолари ва бетакрор пляжлари билан ҳар йили миллионлаб маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ташриф буюрадиган дам олиш марказидир. Кўплаб машҳур туристик масканларга эга бўлган Муғла, айниқса ёз ойларида эътиборни тортадиган туристик йўналишлар орасидадир. Тинч, мафтункор дам олиш гўшаларидан гавжум туман марказларига қадар турли хил вариантларни таклиф қиладиган Муғла, ташриф буюрадиган жойлар танлови жиҳатидан жуда бой. Умуман олганда, ушбу кўркам вилоят ҳудудида кўрилиши шарт бўлган кўплаб табиий гўзалликлар ва тарихий бинолар мавжуд.
Ҳар йили таҳминан 8 млн туристни ўз бағрига сиғдирадиган Муғлада зиёрат қилинадиган жойлар орасида: Бодрум қалъаси, «Зеки Мурен санъат музейи», Педаса қадимий шаҳри, Бодрум антик театри, қирол Каунос мақбараси, Бедри Раҳми кўрфази, Клеопатра ҳаммоми, “Капикарғин” олтингугуртли иссиқ булоқ, Эски Датча, Капалаклар водийси, Ликия йўли, Сакликент каньони, Каякўй, Селимие, Клеопатра пляжи, Седир ороли, Ичмелер, Уйқу водийси, “Бафа кўли миллий боғи”, Тузла кўли, Кён антик шаҳри, Еркупе платоси ва Кўйчейиз кўли жойлашган. Келинг уларнинг бир қанчаси билан сизларни таништирамиз. Қуйида номлари келтирилган гўшаларни “Ҳамир учидан патир” ўлароқ қабул қилиш мумкин.
1. Қадимий Книдос шаҳри. Муғладаги ташриф буюрадиган жойлар рўйхатини Книдос билан бошлаймиз. Қадимги Книдос шаҳри тарих давомида турли хил цивилизацияларга мезбонлик қилган. Ўзининг қулай географик жойлашуви туфайли у кўплаб босқинларга дучор бўлган. Карианлар томонидан асос солинганлиги маълум бўлган бу шаҳар Форслар томонидан талон-тарож қилинган ва кейинчалик тикланган. Муғланинг сайёҳлик жойлари ҳақида гап кетганда, биринчи бўлиб ушбу шаҳар барчанинг кўз олдида жонланади. Книдос ибодатхоналари ва черковлари жиҳатидан бой арсеналга эга, дейиш мумкин. Айниқса, минтақадаги Рим ва Византия даврларига оид тарихий асарлари ўша давр меъморчилигини жуда муваффақиятли тарзда акс эттиради. Афродита ҳайкали бу шаҳарнинг энг муҳим рамзларидан биридир. Қолаверса, ушбу рамзнинг шаҳар обрўсининг ортишида катта ҳиссаси бор, дейишимиз мумкин. Шуни ҳам айтиб ўтамизки, шаҳар Византия даврида энг кўп аҳолига етиб келган. Манбаларда бу рақам 70 минг атрофида эканлиги келтирилади.
2. Седир ороли. «Муғлада табиий гўзалликлар ўзи борми?» қабилидаги саволга энг яхши жавоблардан бири, шубҳасиз, Седир ороли. Ўзининг афсонавий ҳикояси билан машҳур бўлган ушбу мўжаз орол пляж қумлари билан ҳам жуда машҳур ҳисобланади. Афсонага кўра, оролда қумли пляж йўқ эди. Бу ерда денгиздан баҳраманд бўлган Клеопатра учун Рим Империяси генерали Антони ўзининг буюк севгиси нишонаси сифатида ўзига хос жест амалга оширди. Яъни, генерал Африкадан кемалар орқали тонналаб қум олиб келган ва оролдаги бу қумлар бугунги кунгача сақланиб қолган. Аммо масаланинг асл томони айнан ундай бўлмаганини, буларнинг афсона эканлигини иддао қилади. Қумларнинг ўта махсус геологик шаклланишлар натижасида пайдо бўлганлиги ҳам илгари сурилган ғоялар қаторига киради. Шу боисдан ҳам қумлар муҳофазага олингани айтилади. Оролга келган зиёратчиларга қумни оролдан олиб чиқиш тақиқланади.
3. Сакликент каньони. «Муғлага келиб, унинг қаерига ташриф буюриш керак?» дея сўралганда хаёлга келадиган яна бир жой бу Сакликент каньонидир. Каньон жойлашган ернинг калкерли (бўлинмас) ер бўлиш хусусияти бор. Ер оққан сувлар натижасида осонгина эрозияланган ва ёриқлар пайдо бўлиши билан каньонга айланган. Каньоннинг кириш қисмида сув шиддат билан оқади. Шу сабабли каньонга киришда махсус кўприкдан ўтиш керак. Акс ҳолда, сувни кесиб ўтиш мумкин эмас. Ҳақиқатан ҳам ажойиб табиат мўжизаси бўлган бу каньонда вақтингизни мароқли ўтказишингиз ва табиат билан ҳамнафас бўлишдан завқланишингиз мумкин.
4. Галикарнас мақбараси. Юнон меъморчилигининг қимматбаҳо асарларидан бири бўлган Галикарнас мақбараси дунёнинг етти мўжизасидан бири саналади. Муғланинг Бодрум туманида жойлашган бу ажойиб тарихий бино, албатта, Муғлада кўриш керак бўлган жойлардан биридир. Агарда сиз Муғлада бўлсангиз, дунё мўъжизаларидан бири бўлган ушбу тарихий бинони рўйхатингизга қўшинг!
5. Юварлакчай. Туркиядаги яширин жаннатлардан бири Юварлакчай асосан ёз ойларининг жазирама иссиғида нафас олишингиз мумкин бўлган ноёб жойлардан биридир. Бу ер муз каби совуқ сувларга шўнғишни, мовий сувни томоша қилишни, бир сўз билан айтганда, табиатдан баҳраманд бўлишни истаганлар учун маъқул бўлиши мумкин бўлган жой. Яқинларингиз билан ёқимли дам олишни режалаштиришингиз мумкин Юварлакчайнинг машҳурлиги сўнгги бир неча йил ичида сезиларли даражада ошди. Эслатиб ўтамиз, биз юқорида зикр этган “муз каби” ибораси ҳақиқатдир. Чиндан ҳам сувга шўнғиш ва сузиш жасоратдир. Ташриф буюрувчилар камида 4-5 марта уриниб, кейингина оёқларини тахминан 7 даража ҳароратга эга бўлган сувга тиқишлари мумкин. Жазирама ёз кунларида тетиклантирувчи дам олиш даргоҳи сифатида Юварлакчай жуда севилиб ташриф буюриладиган аҳамиятга эга. Сувнинг совуқ бўлишига сабаб Сандрас тоғининг қор суви Юварлакчайни тўйдиришидадир.
6. Бодрум қалъаси. «Муғла яна нима билан одамларни ўзига ром айлайди?» саволи берилса, албатта Бодрум қалъаси номи тилга олинади. Қалъа том маънода кўплаб инсонлар томонидан танилган Бодрум туманининг рамзига айланди. Бугунги кунда у сув ости археология музейи сифатида ишлатилади. 1406-йилда рицарлар томонидан қурила бошланган ушбу қалъада турли мамлакатлар номи билан аталган миноралар мавжуд. Қалъанинг ташқи кўриниши ҳатто кечки соатларда ҳам зиёратчиларни ўзининг визуал шоуларини тақдим этган ҳолда бефарқ қолдирмайди.
Хуллас, юқорида номлари зикр қилинган туристик жойлар Муғла вилоятининг барча гўзалликлари эмаслигини айтиб ўтиш даркор. “Денгиздан томчи” ўлароқ қабул қилишингизни ва Туркияга ташриф буюрганда Муғлага, албатта ташриф буюришингизни тавсия қиламиз!