9-12 декабрь кунлари юртимизда аномал паст ҳаво ҳарорати кузатилади

0

Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази томонидан берилган маълумотга кўра, жорий йилнинг 9-12 декабр кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида аномал паст ҳаво ҳарорати: кечалари 5-10 совуқ, кундуз кунлари 0-5 даража совуқ, республиканинг шимолида ва чўл ҳудудларида кечалари 17-22 совуқ, 9-10 декабрда баъзи жойларда 24 даража совуқгача, кундуз кунлари 4-9 даража совуқ сақланиб туради.

Шу муносабат билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолидан содир бўлиши мумкин бўлган ёнғин, газ- ҳаво аралашмасининг чақнаши ҳамда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида, қуйидагиларга риоя қилишни сўраб қолади:

– носоз, қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланманг, стандарт талабларига жавоб берадиган иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг йўриқномасидан фойдаланинг;
– иситиш печлари ва улар дудбуронларининг созлиги, қувурларнинг ҳар хил маҳсулотлар билан беркилиб қолмаганлигини кўздан кечиринг ва дудбурон орқали ҳаво тортиш кучига алоҳида аҳамият қаратинг;
– хонани вақти-вақти билан шамоллатинг ва шамоллатиш каналларига алоҳида эътибор қаратинг;
– иситиш печларини ҳаддан зиёд қиздириб юборманг;
– ташқи ҳимоя қобиқлари шикастланган электр сим ва кабеллардан фойдаланманг;
– иситиш печларининг дудбуронларини тозалаш, созлаш ва уларнинг қоида талаблари асосида ўрнатилиши бўйича хизмат кўрсатувчи махсус ташкилотларга мурожаат қилиш ва улар томонидан лозим даражада хизмат турларининг бажарилишига эришинг;
– газ ускуналарини улаш бўйича тартиб-қоидаларга риоя қилинг;
– ёнувчи материалларни газ плиталари устида қуритманг.