Зўравонлик ортидан бир оила барбод бўлди

0

Ҳар қандай оилада ҳам ўзаро тушунмовчиликлар юзага келиши мумкин. Келишмовчиликка сабаб бўлувчи омил вазминлик билан бартараф этилса, вазият юмшайди, хонадон аъзолари яна аввалгидай аҳил-иноқ яшайверадилар. Бироқ баъзан арзимас ҳолатлар оилавий зўравонликка айланиб кетиши ортидан аёлларнинг жисмоний ва руҳий тазйиқ остида қолиш ҳоллари ҳам йўқ эмас. Бундай вазият ҳатто оилаларнинг пароканда бўлишигача олиб келмоқда. Яқинда Андижон вилояти судининг фуқаролик судлов ҳайъатида кўриб чиқилган иш ҳам ушбу фикрнинг исботидир.

Жумладан, Нодира Ҳусанованинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) турмуш ўртоғи билан ўрталарида тузилган қонуний никоҳдан ажратишни сўраб киритган даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилади. Бироқ аёлнинг турмуш ўртоғи суд қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти келтиради. Вилоят судида ҳолат атрофлича кўриб чиқилди, якунда қуйи суд ҳал қилув қарорини ўзгартиришга асослар мавжуд эмас, яъни қонуний тўхтамга келинган, деган хулоса берилди.

Хўш, икки фарзанд дунёга келган 14 йиллик оиланинг барбод бўлишига нима сабаб бўлди?

Маълум бўлишича, тарафлар ўзаро келишмовчиликлар сабабли бир йилдан буён бирга яшамаганлар. Биринчи инстанция судининг ажрими билан тарафларга ярашиб олишлари учун олти ой муҳлат берилган.

Бу муддат давомида тарафлар истиқомат қилиб келаётган маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси томонидан эр-хотинни яраштириш чоралари кўрилган, бироқ уринишлар натижа бермаган.

Суд мажлисида Нодира Ҳусанова жавобгар уни 20 кунлик келинчаклигидан уришни бошлаганлигини, бир неча маротаба ота-онасининг уйига кетганлигини, ҳар сафар турмуш ўртоғи кечирим сўраб уйига олиб келишини, лекин ҳеч қанча вақт ўтмасдан спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, арзимаган асосларни важ қилиб кўп азоб берганини таъкидлаган. Қолаверса, жавобгар уни ҳеч қаерда ишлатмаганлигини ёки оилани моддий таъминламаганлигини, шунингдек, ўтган йилнинг ноябрь ойида қаттиқ урганлигини, шундан сўнг ҳимоя ордери олганлигини маълум қилган.

Оилани тиклаш имкони қолмаганлиги иш ҳужжатларидаги ҳар икки МФЙ ҳузуридаги оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиялари томонидан тузилган хулосалар, жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг қарори, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар учун ҳимоя ордерининг мавжудлиги билан ҳам тасдиғини топган.

Хулоса шуки, ожиз инсонгина ақлига эмас, муштига зўр беради. Чунки зўравонлик ожизлик белгисидир. Муштумзўрлик эса наинки оилани барбод қилади, фарзандлар келажагига, руҳияти ва тақдирига салбий таъсир этади. Бу иллатнинг энг оғриқли жиҳати ҳам шу.

Чўлпоной Исмоилова,
Андижон вилояти суди судьяси