Икки Nexia иштирокидаги ЙТҲда ҳайдовчи ва йўловчи ҳалок бўлди

0

Термиз туманида тезликни меъёридан оширган ва йўл белгилари талабларига амалга қилмаган автомобиллар иштирокида содир бўлган ЙТҲ оқибатида икки киши ҳалок бўлди.

Қайд этилишича, 19 декабрь куни соат 07:30 ларда М-41 автомобиль йўлининг 1609-километрида Термиз—Денов йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Nexia-3 билан бошқа бир Nexia автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Ҳодиса оқибатида Nexia-1 ҳайдовчиси ва бир нафар йўловчи олган тан жароҳати оқибатида воқеа жойида вафот этган. Қолган уч нафар йўловчи ва Nexia-3’нинг ҳайдовчиси оғир тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Ўрганишлар давомида аниқланишича, чорраҳага ўрнатилган светофорнинг ишламагани ЙТҲга сабаб бўлган. Йўл белгилари билан тартибга солинган ушбу чорраҳада Nexia-1 автомобили асосий йўлдан ҳаракатланиб келаётган Nexia-3’га йўл бермасдан, ҳаракатланиб чиқиб келган.

Термиз туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғининг ўринбосари Акмал Чоршанбиевнинг айтишича, светофор ноқонуний электр тармоғига улангани учун тармоқдан ажратиб қўйилган.

Ҳолат юзасидан Термиз тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.