Ўзбек цирк санъати афсонаси Хаким Зарипов вафот этди

0

Ўзбек цирк санъати ривожига катта ҳисса қўшиб келаётган Зариповлар сулоласининг давомчиси, цирк устаси, Ўзбекистон халқ артисти Хаким Зарипов 99 ёшида вафот этди. Бу ҳақда маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков хабар қилди.

«1924 йилнинг 17 сентябрида Тошкент шаҳрида таваллуд топган устоз санъаткор 1947 йилда Ўзбекистон давлат консерваториясини тамомлаган. 1942 йилда «Ўзбек давлат цирки» республика бирлашмаси чавандози сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган. Кейинчалик «Чавандозлар» гуруҳи чавандози, артист-чавандози, «Ўзбекистон чавандозлари» гуруҳи артист- чавандози, «Ўзбек давлат цирки» саҳналаштирувчи режиссёри, циркнинг олий тоифали артисти, 2017 йилдан эса “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси етакчи саҳна устаси ва ижодий жамоа бадиий раҳбари сифатида фидойиларча меҳнат қилди.

Унинг меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилиб,  «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист»,» Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари, шунингдек, “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланган.

Умуман айтганда, Хаким Зарипов қарийб 80 йиллик умрини ўзбек цирк санъати ривожига бағишлади, ярим асрдан зиёд вақт давомида цирк манежида “яшади” ва цирк санъатининг устаси, иқтидорли чавандози, ҳайвон ўргатувчиси, масхарабоз, кино актёри, каскадёр сифатида жаҳон цирки тарихидан муносиб ўрин эгаллади. У дунё цирк ареналарида Ўзбекистон байроғи остида ўз чиқишларини намойиш қилиб, юртимиз цирк санъатини халқаро миқёсда янада кенг танитган фидойи меҳнат фахрийси эди.

Ўзбек цирки санъати тарихида афсонага айланган Хаким Зарипов вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз», – дея таъзия изҳор қилган Назарбеков.