Келаси йилда рекорд даражада иссиқ ҳаво ва қурғоқчилик кутилмоқда

0

2024 йил бутун кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ва қурғоқчил йилга айланиши мумкин. Бундай прогнозларни Буюк Британия метеорология идораси узоқ муддатли прогнозлар бўлими раҳбари Адам Скайф келтириб ўтди, деб ёзади The Guardian.

Ҳароратнинг кўтарилиши Эл-Ниньо ёки Жанубий оссилляция кучайиши натижасида юз бериши мумкин. Бу Тинч океанида сув устки қатлами ҳароратининг табиий равишда ўзгариб туришидир. Бундай ҳодиса ҳар 2—7 йилда бир марта содир бўлиб, ўртача беш йил давом этади. Шу билан бирга, Эл-Ниньо аномал иссиқ ҳаво ва қурғоқчиликларга сабаб бўлади.
Ҳозир Жанубий оссиляциянинг Ла-Нинья деб номланувчи кучсиз босқичи кузатилмоқда. Ла-Нинья — тахминан ҳар тўрт йилда такрорланадиган ҳодиса бўлиб, Эл-Ниньо таъсирига қарши самара кўрсатиши мумкин. Скайфнинг фикрича, ушбу фаза якунланиш арафасида турибди, шунинг учун ҳам 2023 йил ўтган йилгига нисбатан илиқроқ бўлади, 2024 йил эса янги рекорд ўрнатади.

Олимнинг айтишича, глобал ҳарорат Цельсий бўйича 1,5 даражадан кўпроқ ошиши мумкин, Жанубий оссиляциянинг кучли фазасида эса инсоният мисли кўрилмаган даражада иссиқ ҳавога дуч келади.

Кескин об-ҳаво ва иқлим ҳодисалари Индонезия, Ҳиндистон, Африканинг жанубий қисми, Хитой, айниқса, Шарқий Африка минтақаси ва АҚШ жанубидаги баъзи ҳудудларда кузатилиши мумкин.

Аввалроқ кириб келган 2023 йил 2022 йилдан илиқроқ бўлиши мумкинлиги прогноз қилинган эди. Синоптик айтишича, келаси ўн йилликда, шу жумладан, 2023 йилда ҳам, экстремал об-ҳаво ҳодисалари кўпаяди. Унинг сўзларига кўра, об-ҳаво аномалиялари аввалги ўн йилликка қараганда анча кўпроқ бўлади.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here