51 ёшли эркак учинчи хотинини уриб ўлдирди

0

Сурхондарё вилоятида 3 марта судланган шахс яна жиноятга қўл урди. Унинг мастлиги ва рашк оқибатида умр йўлдошининг умри ҳазон бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Шерободлик 51 ёшли фуқаро ўзининг учинчи турмуш ўртоғининг қотилига айланди. Шу йилнинг 2 январь куни уларнинг оиласида жанжал бўлган. Натижада эр аввал аёлини турли сўзлар билан ҳақорат қилиб, сўнгра унга бир неча тан жароҳати етказган. Ғазабини босолмаган эркак хотинини уриб ўлдириб қўйган ва бу ҳақда ўзи ИИБга хабар берган.

Мазкур ҳолат юзасидан Шеробод тумани “Ойинли” фуқаролар йиғини раиси, икки тарафнинг яқин қариндошлари ва ИИБ ходимлари жиноят муҳокамасини ўтказди.

“Ушбу воқеада биз барчамиз ўзимизни айбдор деб ҳисоблаймиз. Чунки жамоатчилик ва қўни-қўшнилар ўз вақтида уларга тушунтириш ишларини олиб бормаганмиз”, – дейди маҳалла раиси.
Мастлик оқибатида жиноятга қўл урган эркак йиллар ўтиб озодликка чиқса ҳам, лекин энди унинг 8 ва 11 ёшли фарзандлари бир умр онасиз ўтади.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси, 1-қисмига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.