ДХХ Фарғона ва Сирдарёда 1,5 килога яқин гиёҳвандлик воситаларини фош этди

0

Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбирлар ўтказилди.

Бешариқ туманида яшовчи фуқаро ўзининг бошқарувида бўлган “Дамас” автомашинасида Тошкент шаҳри томон ҳаракатланиб кетаётган вақтида тўхтатилди. Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 1 кг 329 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Маълум бўлишича, Тожикистондан контрабанда йўли билан Бешариқ тумани ҳудудига ўтказилган ушбу ажал оғуси Тошкент шаҳрида сотилиши керак бўлган.

Вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда Данғара туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса Тошкент шаҳри томон ҳаракатланаётган “Ласетти” русумли автомашина тўхтатилиб текширилди. Унда йўловчи сифатида кетаётган,  Қўқон шаҳрида яшовчи аёл ёнида 1120 дона “Герика”, 400 дона “Селофен” ва 198 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур аёлнинг ўғли бошқариб кетаётган “Ласетти” русумли автомашина ҳам тўхтатилиб текширилганда, унинг юкхонасида 250 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги маълум бўлди.

Бу йўналишда Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам вилоят ички ишлар ва божхона бошқармалари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди.

“Фарғона – Сирдарё” йўналишида ҳаракатланаётган “Кобальт” русумли автомашина Гулистон шаҳрига кириш қисмида тўхтатилиб текширилди. Унда йўловчи сифатида кетаётган, Гулистон шаҳрида яшовчи фуқаронинг ёнида 274 дона “Регапен” ва 33 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди. У мазкур дори воситаларини Қўқон шаҳрида яшовчи аёлдан сотиб олганлиги маълум бўлиб, Қўқон шаҳрида ушбу аёл 50 дона “Трамадол” гиёҳвандлик воситасини ҳамда 364 дона “Регапен” ва 40 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотаётган вақтида қўлга олинди.

Барча кучли таъсир қилувчи дори воситалари Қирғизистондан ноқонуний йўллар билан олиб келинган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here