Бугун, 30 январь куни Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида газ портлади. Ҳолат юзасидан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумот берди.
Қайд этилишича, соат 14:55 ларда Андижон шаҳридаги 1-кичик даҳада жойлашган 4 қаватли уйда газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши юз берган. Чақнаш оқибатида фуқароларнинг тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмаган.
Воқеа жойига зудлик билан шаҳар ФВБ ходимлари ва 1 та ёнғин-қутқарув экипажи, прокуратура, ИИБ, ССБ ҳамда “Ҳудудгазтаъминоти” ходимлари етиб борган.
Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистонда ҳам кўп қаватли уй портлагани, 5 нафар фуқаро вафот этгани ҳамда битта бола қутқариб олингани ҳақида хабар берган эдик.