Тошкент автовокзалидан вилоятларга қатновчи автобусларга чиптани онлайн сотиб олиш имконини берувчи UzBus мобил иловаси ишга туширилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
Мобил илова орқали йўловчилар шаҳарлараро қатновлар учун электрон чипта сотиб олиши, автобусдаги жойни танлаши, тўловни исталган банк картаси орқали амалга ошириши мумкин.
Шунингдек, йўловчилар мобил илова ёрдамида «Тошкент» автовокзалидан амалга оширилаётган шаҳарлараро ва халқаро йўналишлардаги қатновлар жадвали билан реал вақт режимида танишиш имкониятига ҳам эга.
Қайд этилишича, UzBus мобил иловаси орқали Бухоро – Тошкент йўналишидаги автобус қатновларига ҳам чиптани электрон шаклда сотиб олиш мумкин. Бошқа вилоятлардан Тошкент шаҳрига амалга оширилувчи қатновлар учун электрон чипта харид қилиш имконияти босқичма-босқич жорий этилиши айтилмоқда.