Фирибгарлик ҳеч қачон яхшилик билан тугамас

0

Шаҳрихон туманида яшовчи Даминжон Собиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) фирибгарликка қўл ураётганда, бу ишининг оқибати нималарга олиб келишини билмаслиги мумкин эмасди. Чунки қирқ ёшдан ошган киши ҳаётнинг маълум чиғириқларидан ўтиб, оқ-қорани яхши ажратадиган паллада бўлади, одатда. Бироқ текин бойлик илинжи унинг фикрию зикрини банд этганди.
Хуллас, Даминжон ўзига ишониб топширилган ердан қонуний фойдаланиш ўрнига, уни сотиб бойимоқчи бўлди.
Аниқланишича, Шаҳрихон тумани ҳокимининг 2006 йил 30 декабрдаги қарорига асосан, Д.Собировга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва боғ барпо қилиш учун ўзи яшайдиган қишлоқ ҳудудидан 80 сотих ер майдони ажратиб берилган. Албатта, ўтган йиллар молбайнида у озми-кўпми меҳнат қилиб, ердан фойдаланди. Бироқ кейинги пайтларда ерни сотиб юбориш тараддудига тушиб қолди.
– Ерни ўзини шундоққина сотолмайсиз, шунинг учун кўчат экиб, боғ барпо қилинг, – дея маслаҳат берди танишларидан бири.
Даминжон ўтган йилнинг баҳорида 500 туп гилос, 500 туп терак кўчати экиб чиқади. Сўнг ижтимоий тармоққа боғ сотилиши ҳақида эълон беради. Эълонни ўқиган фуқаро Р.Эргашев ерга харидор бўлиб келади. Даминжон харидорга боғни кўрсатгач, унга 45 минг АҚШ доллари миқдорида нарх қўяди.
– Мен чорва ҳайвонлари боқадиган жой сотиб олмоқчи эдим, бу ернинг ҳужжатларини чорвачилик йўналишига ўзгартирса бўладими? – дея сўради харидор.
– Албатта бўлади, бу масалани ўзим ҳал қилиб бераман, – дея ваъдани қуюқ қилди Даминжон.
Харидор ерни сотиб олишга рози бўлади. Аммо “сувни кўрмай этик ечма”, нақлига амал қилиб, ер учун пул санашдан аввал туман кадастр бўлимида ишловчи танишларига маслаҳат солади. Табиийки, бўлим масъуллари ер давлат мулки эканлигини, ҳеч кимга уни сотиш ваколати берилмаганини, хусусан, боғни пулламоқчи бўлган шахс ҳам алдаганлигини маълум қилишади.
Мутахассисларнинг фикридан хулоса ясаган Р.Эргашев бу хусусда Андижон вилояти ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилади. Оқибатда “қаҳрамонимиз” харидордан 400 миллион сўм миқдоридаги пулларни олган вақтида ушланади.
Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон тумани судида кўриб чиқилди ҳамда Даминжон Собиров Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, қонуний жазога маҳкум этилди.

Султонмақсуд Холботиров,
жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон тумани суди судьяси