Австрия тўрт нафар россиялик дипломатни «мақомига тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатлари» учун мамлакатдан чиқариб юборади”, — дейилади мамлакат ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. Reuters таъкидлаганидек, дипломатик миссияларни жосусликда айблашда бу ибора кўпинча қўлланилади.
«Персона нон грата» деб эълон қилинган тўрт нафар дипломатдан икки нафари Россиянинг Австриядаги элчихонасида, яна икки нафари Россиянинг Венадаги БМТдаги ваколатхонасида ишлайди, дейилади вазирлик баёнотида.
Улар 8 февралгача мамлакатни тарк этишлари керак.
Урушдан олдин Москва билан яқин муносабатларга эга бўлган нейтрал Австрия учун дипломатларнинг чиқариб юборилиши одатий ҳол эмас, деб ёзади AFP.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Австрия расмийларининг баёнотига ҳозирча муносабат билдирмади.
Аввалроқ Bellingcat тергов гуруҳи раҳбари (лойиҳа Россияда ҳам «хорижий агент», ҳам «номақбул ташкилот» деб эълон қилинган) Христо Грозев хавфсизликка таҳдид туфайли Австрияни тарк этмоқчилиги маълум бўлган эди.
Грозев австриялик журналистларга берган интервьюсида: «Шаҳарда полициячилардан кўра кўпроқ россиялик агентлар, информаторлар ва ёрдамчилар борлигига шубҳа қиламан» (Moscow Times иқтибос келтирган).