Покистоннинг собиқ бош вазири ва мухолифатдаги «Адолат ҳаракати» партияси раиси Имрон Хон террорчиликда айбланмоқда.
Шунингдек, унинг 17 ёрдамчиси ва бир неча ўнлаб тарафдорларига қарши айбловлар қўйилди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
Айбловлар бир кун аввал Исломободда Хон кортежига ҳамроҳлик қилаётган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва «Адолат ҳаракати» партияси тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувдан сўнг пайдо бўлди. Покистоннинг собиқ бош вазири ўз ваколати чоғида хорижлик етакчилардан олган қимматбаҳо совғаларни сотганлиги бўйича суд жараёни учун пойтахт туман судига кетаётган эди. 50 дан ортиқ полициячи яраланган, 59 нафар Хон тарафдори ҳибсга олинган.