Россия Адлия вазирлиги таниқли блогер ва саёҳатчи Иля Варламовни «хорижий агент» деб эълон қилди.
«И.А.Варламов давлат органлари томонидан қабул қилинган қарорлар ва уларнинг сиёсати тўғрисида ишончсиз маълумот тарқатган, хорижий манбалардан ёрдам олган», – дейилади Адлия вазирлиги хабарида.
Иля Варламов 2017 йилдан буён ижтимоий тармоқларда шаҳарсозлик, инфратузилма ва сиёсатга бағишланган каналларни юритади. Варламов дунёнинг кўплаб мамлакатларида, хусусан Ўзбекистонда ҳам бўлиб, шаҳарсозлик, ободонлаштириш, инфратузилма муаммоларига бағишланган фото ва видео материалларни эълон қилган.
Собиқ депутат Расул Кушербаев унинг хорижий агент деб эълон қилинганига муносабат билдирди.
«Ва ниҳоят Россия Адлия вазирлиги таниқли блогер, шаҳаршунос ва саёҳатчи Иля Варламовни «иноагент» деб эълон қилибди.
Россияда амалдаги режимни мақтамайдиган мустақил ва танқидий фикрловчиларни кўпчилиги «иноагент» деб эълон қилинаётган, Иля эса бу рўйхатдан тушиб қолаётганди. Энди у ҳам тан олинди. Бу ҳозирги вазиятда Иляга обрў олиб келади, холос», – дейди Кушербаев.
Маълумот учун: Иля Варламовнинг обуначилари сони 4 миллиондан ортиқ, кўрсатувлари эса 1,3 миллиард марта томоша қилинган.