Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш ва спорт майдончаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамалар порталига жойлаштирилди.
Унга кўра Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги:
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг таклифига мувофиқ белгиланган маҳаллаларда жойлашган, шунингдек спорт инфратузилмаси етарли бўлмаган умумтаълим мактаблари тасарруфида бўлган ҳудудларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги балансида қолдириш шарти билан спорт майдончалари қурилиши учун зарур ер майдонларини ажратилишини ташкил этади;
умумтаълим мактаблари ҳудудида қурилган спорт майдончаларидан ўқувчилар, шунингдек, дарсдан ташқари ҳамда қатъий тарзда ўқув жараёнига халақит бермайдиган вақтларда маҳалла аҳолисининг бепул шуғулланиши учун барча зарурий шарт-шароитларни яратади.
2023 йил 1 майдан бошлаб:
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан спорт майдончалари барпо этиладиган маҳалла ҳудудлари рўйхати ҳудудий ҳокимликларга тақдим этилади.
Маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилган спорт майдончалари тозалигини сақлаш атрофини ободонлаштириш ишларини бажариш учун Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан битта штат бирлиги ажратилади.