“Twitter” бош директори Илон Маск платформа қийматини 20 миллиард долларга баҳолади, гарчи у лойиҳани 44 миллиард долларга сотиб олган бўлса-да. Мана шу прогноз туфайли компания қолган ходимларга март ойи охирида акциялар кўринишида камроқ товон тўлайди. Ижтимоий тармоқ ўтган йилнинг охирида реклама берувчиларининг кўп қисмини йўқотди ва “Twitter Blue” обунаси ҳали платформага кутилган даромад келтирмади.
Соҳа мутахассисларининг оммавий ахборот воситаларига тушунтиришларича, Маскнинг компания қийматининг 13 миллиард долларлик қарзларини ҳисобга олгандаги баҳоси 2023 йилда прогноз қилинган 3 миллиард долларлик даромаддан 11 баравар кўп. Таққослаш учун, асосий рақобатчилар ҳисобланган “Snap” ва “Pinterest” бу йилги режалаштирилган даромаддан 4,5 баравар юқори баҳоларга эга.
Мутахассисларнинг фикрича, Маскнинг баҳоси 2022 йил октябрь ойидан бери “Twitter” қиймати икки баравар пасайганини ва у платформанинг технологик қисмидаги давом этаётган ўзгаришлар ва ходимларнинг қисқариши фонида бу йил молиявий аҳволини тўғрилай олмаслигини тан олишдир. Аввалроқ Маск 2023 йилда “Twitter” мисли кўрилмаган муваффаққиятга эришишини айтиб ўтган эди.
Жорий йил февраль ойи охирида Маск корпоратив электрон почта орқали “Twitter”нинг қолган ходимлари 24 март куни ўз фаолияти натижаларига кўра “Performance Awards” деб номланган “жуда муҳим” мукофотларни олишларини ваъда қилган. Илгари платформа ходимлари Маскнинг “Twitter” улушлари учун уларга қандай компенсация тўлаётгани ҳақида маълумотга эга бўлишмаган, компания шахсий қўлларга ўтгандан сўнг улар ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлишди.
Маскнинг сўзларига кўра, у “SpaceX”да узоқ вақтдан бери қўллаган тизимдан фойдаланмоқчи, бу эса ходимларга шахсий акцияларини мунтазам равишда сотиш имконини беради. Маск “Twitter” ишчиларига тахминан 20 миллиард долларлик акциялар грантини таклиф қилди.
ОАВ хабарларига кўра, “Twitter”нинг тўрт йиллик ходимларни рағбатлантириш дастури улар ўз акцияларини фақат олти ойдан сўнг компанияга қайтариб сотишлари мумкинлигини англатади.
Маск, шунингдек, юздан ортиқ муҳандислар ва жамоа раҳбарларининг яқинда ишдан бўшатилганини “келажакда вазифалар самарадорлигини оширишга қаратилган мураккаб ташкилий қайта кўриб чиқиш” сифатида баҳолади. Компаниядаги манбаларга кўра, бундай омадлилар сони 2000 дан кам бўлиши мумкин. ОАВ “Twitter” ижтимоий тармоқ ходимларини 4 ой ичида 7500 дан атиги 1000-1500 кишига қисқартиришга муваффақ бўлган, деб ҳисоблайди.
Қайд этиш мумкин, 2022 йил 28 октябрда Илон Маск “Twitter” ижтимоий тармоғини 44 миллиард долларга сотиб олди. “PayPal” асосчиси, “Tesla” ва “SpaceX” компаниялари эгаси платформани сотиб олиш бўйича дастлабки таклифидан олти ой ўтиб буни амалга оширди. Биринчи ҳаракат сифатида Маск янги компания раҳбари ўлароқ “Twitter”да “қуш озод бўлди” деб ёзди ва платформанинг бутун раҳбариятини ишдан бўшатди.
Ўтган йил декабрь ойида “Twitter”нинг даромади 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоизга камайди. Илгари Маск ижтимоий тармоқни сотиб олиш бўйича битимни ёпиш учун йиллик фоизлари 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган 13 миллиард долларлик кредит олишга мажбур бўлган.
Февраль ойида Маск “Twitter”нинг молиявий аҳволи ҳақида гапирди.
“Компания лбатта ҳали молиявий жиҳатдан мустаҳкам эмас ва бу мақсадга эришиш учун кўп меҳнат қилиш керак”, – деди у.
Шунингдек, Илон Маск сўнгги уч ой давомида “Twitter”ни банкротликдан қутқаришга ҳаракат қилганини таъкидлаган.
Қайд этиш мумкин, ижтимоий тармоқ Нью-Йорк университетида бакалавр талабаси бўлган Жек Дорси томонидан 2006 йил 21 мартда тақдим этилган.