Мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги имижини ошириш йўлида ҳаммамиз бир мушт бўлишимиз керак — Озодбек Назарбеков

0

Жорий йилнинг 6 – 8 май кунлари Гулистон шаҳрида III Халқаро бахшичилик санъати фестивали бўлиб ўтади. Айни пайтда мазкур нуфузли тадбирга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Фестиваль олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида бу ҳақда атрофлича маълумот бердик.


Бахшичилик санъати умумбашарий маданиятнинг узвий қисми сифатида барчамиз учун қадрлидир. Бу санъат тури ёшларни она юртга, миллий-маданий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни эзгуликка чорлашда беқиёс ўрин тутади. Афсуски, “оммавий маданият”нинг салбий таъсири кучайган глобаллашув даврида фольклор санъатига эътибор ва қизиқиш сусайиб, ҳимоя ва муҳофазага муҳтож болиб қолган пайтлар ҳам кузатилди. Ушбу ҳолат, табиийки, бахшиларимизни ҳам жиддий хавотирга солди.

Қувонарлиси, бевосита Президентимиз ташаббуси билан бу қадимий санъат тури яна эъзоз топди. Уни асраб-авайлаш, ривожлантириш ва оммалаштириш мақсадида қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар соҳа ривожига янги ҳаёт бағишлади. Юртимизда ЮНЕСКО шафелигида Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш яхши анъанага айланди. 2019 йилда Термиз шаҳрида, 2021 йилда Нукус шаҳрида ташкил этилган фестиваллар халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотди.

Бу борадаги эзгу ишларнинг натижаси ўлароқ, бахшичилик санъати Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. Бу жуда катта тарихий воқеа бўлди.

Биз Гулистон шаҳри мезбонлик қиладиган фестивални ҳам юксак савияда ўтказиш учун барча имкониятларни ишга соламиз. Бу каби санъат байрамлари яна шу жиҳати билан ҳам муҳимки, у халқаро миқёсда мамлакатимиз имижини оширишга, сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади. Туристлар сафи кенгайса, қўшимча тармоқлар равнақ топади. Бу эса аҳоли турмуш фаровонлиги янада ошишига катта туртки беради. Чунки туризм иқтисодиётни ривожлантиришнинг драйвер соҳаларидан биридир.

Матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз юритар эканмиз, ҳурматли журналистларимиз, блогерларимизни Ватан манфаати йўлида бир мушт бўлиб, шу каби фестивалларнинг мазмун-моҳияти, аҳамиятини янада кенгроқ очиб беришга ҳисса қўшишга, биз билан яқин ҳамкорлик қилишга чорладик. Ўз навбатида, уларнинг таклиф ва мулоҳзаларини тинглашга ҳам доимо тайёр эканимизни билдирдик.

Ўйлаймизки, III Халқаро бахшичилик санъати фестивалида ОАВ вакиллари ҳар қачонгидан фаол бўлишади. Бу борада уларга ижодий муваффақият тилаймиз.

 

Озодбек Назарбеков, 

Маданият ва туризм вазири