Андижон вилояти Хўжаобод туманида бир масъул фуқароларнинг умра зиёрати учун деб тўлаган пулини, аниқроғи 1 миллиард 650 миллион сўмни онлайн қимор ўйинларига тикиб юборди.
Бу ҳақда MY5 телеканалининг Markaziy studiya дастурида хабар берилди.
Алданганлар сони 70 нафарга яқин бўлиб, 2019 йилдан бошлаб Умра зиёрати харажатлари учун тўлов пуллари Мусулмонлар идораси ҳисобрақамидан эмас, туманга бириктирилган мансабдорнинг “чўнтаги”дан жой олган.
Тўлов қилган фуқароларнинг билдиришича, улар ҳокимият биносида алданишлари хаёлига ҳам келмаган. “Биз тур фирмаларига ишонмай, ҳокимият одамига ишониб чув тушдик”, дейди жабрланганлардан бири.
Нега уч йил давомида ҳокимият биноси ичида фирибгарлик йўли билан йиғилган пуллар ва ходимнинг устидан назорат ўрнатилмаган каби саволлар жабрланганларни қийнамоқда.
Ҳокимлик мутахассис Жасур Мўминов ҳолатни изоҳлаб, фуқаро қонуний тартибда ишлаш учун рўйхатга олинганидан кейин тўловни фақатгина банкка тўлаши кераклигини таъкидлади.
Маълум бўлишича, ҳолат юзасидан узоқ давом этган тергов якунланиб, иш судга оширилган. Бироқ суд залида айбланувчининг пулларни қайтариб бериш ваъдасига ишониб, аризаларини қайтариб олишган. Шу сабабли уларга етказилган моддий зарар суд қарорида инобатга олинмаган. 27−30 нафар одам пулларидан воз кечиб юборган.