Одатда, бизда бирор бир каттароқ буюм ёки маҳсулот олишга эҳтиёж бўлсада, ҳамёнимизда унга етарли миқдордаги маблағнинг йўқлиги шаштимизни бироз пасайтиради, бундай ҳолларда эса биз банклардан турли хилдаги кредитлардан бирини олиб, муаммойимизни ҳал этишга ҳаракат қиламиз.
Бир қанча югур-югурлар билан зарур ҳужжатларни жамлаб, шартнома асосида банкдан керакли маблағни оламиз. Қарабсизки, иш ҳал.
Лекин, кейинги ойдан белгиланган тўловларни тўлашга келганда эса…
Икром (исмлар ўзгартирилган) ҳам Нексия 3 автомашинасини “Капиталбанк”дан кредит эвазига сотиб олди. Бироқ, кунлар ўтиб оғирини енгил, манзилини яқин қилаётган машинасининг тўловларига бефарқ бўлиб қолди. Банк ходимлари огоҳлантиришларининг ҳам фойдаси бўлмади. Охири, банк юристи иш бўйича судга мурожаат этишга мажбур бўлди.
Суд ишни кўриб чиқиб, машина учун олинган 85 млн 130 минг сўмни ундирилишини ва ундирувни гаровдаги машинага қаратилишини белгилаб қўйди.
Бу борадаги ишларга масъул бўлган Бюро ходимлари эса суднинг қарорини сўзсиз ижро этди. Бюронинг Олтинкўл бўлими давлат ижрочиси унинг машинасини жарима майдонига олиб кириб қўйди.
Шундан сўнг, Икром машинаси аукционда сотилиб кетилишидан хавотирга тушди ва қарзини тўлашга шайланди.
Машинаси хатлангандан кўп вақт ҳам ўтмади, Икром банк олдидаги 85 млн 130 минг сўм қарзини қайтарди.
Сўзимиз якунида айтамизки, кредит маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш икки карра масъулиятни талаб этади. Шундай экан, кредитни олиш, ишлатиш ва қайтаришда масъулиятни ҳис этиб, тартибли қарздорлардан бўлишга ҳаракат қилайлик. Чунки кредит бу совға эмас, у молиявий мақсадларимизга эришиш учун имконият. Бу имкониятдан масъулиятсизлик билан фойдаланиб, ўз вақтида қайтарилмаса юқоридаги каби кўнгилсиз вазиятларга тушиб қолишимиз турган гап.
Ойистахон Абдурахманова
Мажбурий ижро бюросининг
Андижон вилоят бошқармаси
катта инспектори