Рақамли хизматлар қамрови янада кенгаяди

0

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Унга кўра, 2023-2024 йилларда мамлакатимизда «Рақамли ҳукумат» ва «Рақамли ҳудуд» дастурлари доирасида 300 та устувор лойиҳалар амалга оширилади.

Жумладан, давлат бошқарувини рақамлаштириш бўйича 112 та, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларини рақамлаштириш бўйича 51 та, ҳудудларни рақамли трансформация қилиш бўйича 137 та лойиҳа амалга оширилади.

2023 йил якунига қадар Ягона интерактив давлат хизматлари порталида кўрсатилаётган хизматлар сони 570 тага етказилади.

2023 йил 1 июндан бошлаб республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ташқи кредит ва беғараз кўмак маблағлари асосида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг рақамли компонентларга йўналтириладиган қисми Рақамли технологиялар вазирлиги билан мажбурий тарзда келишилади.

«Рақамли ҳудуд» дастури доирасида «Рақамли геопортал» ахборот тизими ва «Халқ назорати» платформаси 2023 йил 1 сентябрга қадар Ангрен, Оҳангарон, Янгийўл, Чирчиқ ва Нурафшон шаҳарларида, 2023 йил якунига қадар эса Жиззах ва Урганч шаҳарларида ишга туширилади.

Соҳада юқори малакали мутахассис ва кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида «Бир миллион дастурчи» лойиҳасининг навбатдаги босқичи сифатида хорижий нуфузли таълим платформаларида IТ-йўналишдаги онлайн ўқув курсларда таҳсил олиш тизими йўлга қўйилади.

Ушбу курсларни муваффақиятли тамомлаган 15 минг нафар ёш истеъдодлар сараланиб, уларда халқаро миқёсда фаолият юритиш кўникмалари шакллантирилади.

Хорижий нуфузли таълим платформаларида муваффақиятли ўқишни якунлаган ва тегишли сертификатга эга ёшларга компьютер хариди учун истеъмол кредитлари ажратиш амалиёти давом эттирилади.

2023 йил 1 августдан бошлаб ёшларга компьютер харидлари учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан микроқарз шаклида ҳамда «Ёшлар дафтари» ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги жамғармалари ҳисобидан бериладиган субсидия маблағларини ижтимоий контракт асосида ёшлар хоҳишига кўра алоҳида очилган банк картасига (нақдлаштириш имкониятисиз) ўтказишга рухсат берилади.

2023 йил 1 октябрдан бошлаб В2 ва ундан юқори хорижий тил билиш даражасига эга бўлган фуқаролар томонидан тизим бошқаруви, маълумотлар базаси ва «булутли» платформани бошқариш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишларда халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларининг 100 фоиз қисмини қоплаш тизими жорий этилади.

Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси 2023 йил 1 октябрдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жорий этилган рақамли технологиялар бўйича лойиҳалар самарадорлиги, кўрсатиладиган рақамли хизмат ва сервислар техник фаолиятининг сифати ҳамда барқарорлиги устидан рақамли назорат ўрнатади.

ЎзА