Қоннинг қуюқлашиб кетиши бутун организмга салбий таъсир қилади, боиси қон – тана аъзолари ва тизимларни кислород билан тўйинтирувчи суюқликдир.
Қон қуюқлашиб кетган ҳолатда озуқавий моддаларнинг тана аъзоларига етиб бориши ҳам секинлашади. Бундай ҳолатда одам ҳолсизлик, қувватсизлик, нафас сиқиши, сурункали чарчоқ, камдан-кам ҳолатларда кўриш қобилиятининг ёмонлашишидан азият чекади. Қоннинг қуюқлашиши маълум турдаги касалликлар белгиси ҳам, нотўғри турмуш тарзи, зарарли одатлар, таомланишга нисбатан эътиборсизлик натижасида юзага келган ҳолат бўлиши ҳам мумкин.
Қоннинг суюқлик даражасини меъёрга келтириш учун кунига энг камида 2,5 литр сув ичиш, зарарли одатлардан воз кечиш, уйқу ҳамда дам олиш режимига қатъий амал қилиш керак. Таомномага цитрус мевалар, помидор, лавлаги, олма ҳамда қора шоколад киритиш ҳам қонни суюлтиришга ёрдам беради.