Сирдарёда иш ҳақини ундириш учун қарздор корхонанинг “иссиқхона, омборхона, гараж бинолари” сотувга қўйилди

0

Иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъий назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ, келишилган муддатларда тўлаши шарт.

Фуқароларнинг қонунни яхши билмаслигидан айрим иш берувчилар фойдаланади, яъни ходим билан ёзма келишув ўрнига оғзаки келишиб, уларга тегишли бўлган иш ҳақларини тўламасдан, фуқароларни сарсон қилишади.

Охир-оқибат ушбу масала дастлаб фуқаролик судининг аралашуви сўнгра ижро этиш учун Мажбури ижро бюроси органлари орқали ҳал қилинади. Мана шундай ҳолатлардан бири Бюронинг Сирдарё туман бўлими иш юритувида.

Сирдарё вилоят судининг 24.02.2022 йилдаги ижро варақасига асосан қарздор “World berry” МЧЖдан ундирувчи чет эллик фуқаро Sung Myungkee фойдасига 171,2 млн. сўм иш хақи ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Сирдарё туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига асосан ижро иши қўзғатилган.

Ижро ҳаракатлари давомида давлат ижрочиси томонидан чет эллик фуқаро Sung Myungkee фойдасига 171,2 млн. сўм иш хақи тўлаб қопланмаганлиги сабабли қарздорга тегишли бўлган Сирдарё шаҳар, 5-Ширин МФЙ, Гулистон кўчаси, 301-уй ҳудудида жойлашган “иссиқхона, омборхона, гараж бинолари” хатланган.

Қарздорга тегишли бўлган мол-мулклар хатланган бўлишига қарамасдан иш хақи тўлаб берилмаганлиги сабабли мулк тегишли тартибда 19,2 млрд. сўмга бахоланиб электрон онлайн-аукцион савдосида сотиш учун чиқарилган.

Кўчмас мулк сотувидан тушган пул маблағлари қарздорликни қоплаш учун фуқаро фойдасига ўтказилади.

Шоҳрух Маматкулов
Бош прокуратура ҳузуридаги
Мажбурий ижро бюросининг
Сирдарё вилоят бошқармаси
жамоатчилик билан алоқалар
ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инспектори