Тожикистонда Марказий Осиёдаги энг катта масжид очилади

0

Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний расмий ташриф билан 2023 йил 8-9 июн кунлари Тожикистонга келади.

Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Шоҳин Самадий маълум қилган.

Шу билан бирга, мамлакат Диний қўмитаси ушбу ташриф доирасида пойтахтдаги энг катта масжид очилишини тасдиқлаган.

“Икки томонлама сармоя эвазига қурилган янги масжид Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний иштирокида очилади”, — дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Душанбедаги Марказий масжид жорий йилнинг ёзида очилиши ҳақида хабар берилганди.

Тантанали маросим 2023 йил июн ойининг биринчи ўн кунлигида бўлиб ўтади.

Очилиш маросимида Саудия Арабистонидан делегация ҳам иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу бинонинг пойдевори 2009 йил октябр ойида қўйилган бўлиб, қурилиши 2011 йил октябр ойида бошланган.

Янги масжид 2019 йилда тўлиқ қурилиб, очилишга тайёр бўлган, бироқ коронавирус пандемияси ва Қатар амирининг келиши кутилаётгани сабабли бир неча бор қолдирилган эди.

Марказий Осиёда энг катта бўлиши кутилаётган масжид ҳар бирининг баландлиги 75 метрли 4 та минора ва 47 метрли гумбаздан иборат. Масжидга 120 мингга яқин киши ўз ибодатини адо эта олади.