Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Ўзбекистонга келади

0

Ўзбекистон Халқаро валюта жамғармасига 1992 йилнинг 21 сентябрида аъзо бўлган. 1993 йил сентябрда Тошкентда ХВЖ ваколатхонаси очилади. Аммо 90-йиллар охирига бориб, Ўзбекистон ҳукумати ва ХВЖ ўртасидаги муносабатлар совуқлаша бошлайди. Халқаро бозорда мамлакатнинг асосий экспорт маҳсулотлари ҳисобланган олтин ва пахта нархи сезиларли арзонлашади. Бу эса мамлакатда валюта назорати ва ташқи савдо сиёсатида протекционизм кучайишига сабаб бўлади. Расмий курс ва норасмий бозор курси ўртасида катта тафовут юзага кела бошлайди.

2001 йилда Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистондаги вакили сифатида фаолият олиб борган Кристофер Розенберг Каримов ҳукуматининг олиб бораётган сиёсати барқарор эмаслиги ва иқтисодий изоляция кучайиб бораётгани сабабли фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси фаолияти тўхтатилишини маълум қилади.

Ўзбекистонда ҳокимият алмашинувидан кейин бошқа халқаро ташкилотлар билан бўлгани каби, ХВЖ билан ҳам муносабатлар яхшилана бошлайди. 2017 йил сентябрь ойидан валюта курсини талаб ва таклифга асосан эркин белгилаш тартиби жорий этилди. Ўша йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва ХВЖ бошқарувчи директори Кристин Лагард ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди ва бир қанча келишувга эришилади.

ХВЖ қандай ташкилот?

Халқаро валюта жамғармаси – БМТнинг ихтисослашган ташкилоти ҳисобланиб, 1944 йил 22 июлда Бреттон-Вудсда ўтказилган конференцияда валюта-молия муносабатларини тартибга солиш мақсадида ташкил этилган. 1947 йил март ойидан ўз фаолиятини бошлаган. Бугунги кунда 190 та ташкилот аъзо ҳисобланади ва ХВЖнинг молиявий захиралари мазкур давлатларнинг бадал пуллари эвазига шакллантирилади. Аъзолик бадали мамлакатлар иқтисодиётининг нисбий ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади.

ХВФнинг асосий вазифалари:

  • мамлакатлар ўртасидаги қатъий белгиланган валюта курси тартибини назорат қилиш ва бу орқали миллий ҳукуматларга валюта курсларини бошқаришда ёрдам бериш, валюталар курси барқарорлигига кўмаклашиш;
  • макроиқтисодий барқарорликка эришиш ва қашшоқликни камайтиришга ёрдам бериш;
  • халқаро савдо кенгайиши ва мувозанатли ўсиши учун қулай шароитларни яратиш;
  • аъзо мамлакатларга ўз тўлов балансларини тиклаш, шунингдек, уларнинг халқаро тўлов баланслари тақчиллиги давомийлиги ва миқдорини қисқартириш учун муддатли молиявий маблағлар бериш;
  • кўп томонлама тўловлар тизимини яратишда ва жаҳон савдоси ривожига тўсиқ қўядиган валюта алмаштириш билан боғлиқ чекловларни бартараф этиш;
  • аъзо мамлакатлардаги қашшоқлик даражасини қисқартишга ёрдам ва тавсиялар бериш.

2019 йил 1 октябрдан бери ташкилот бошқарувчи директори ва ижроия кенгаши раиси лавозимида болгариялик иқтисодчи ва профессор, барқарор ривожланиш бўйича мутахассис Кристалина Георгиева ишлаб келмоқда.