“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ахборот хизмати 59-сонли автобус йўналиши ҳайдовчиси ҳаракат вақтида совутиш тизимини ёқмаганлиги ҳолати юзасидан муносабат билдирди.
Жорий йилнинг 7 июн куни, соат 10:12 лар атрофида, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг «12-Автобус саройи» филиали тасарруфидаги, давлат рақами 01|847 ЗЖА бўлган, 59-сонли йўналиш ҳайдовчиси Зокиров Олим ўз бошқарувидаги автобуснинг совутиш тизими(кондиционер)ни ёқмаган.
«Сергели 7-мавзе» бекатида йўловчилар эътирозидан сўнг совутиш тизми(кондиционер)ни ёқиб ҳаракатлангани аниқланди.
Баёнотда таъкидланишича, ушбу ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ҳамда «12-Автобус саройи» филиали масъул ходимлари тезкорлик билан 59-сонли автобус йўналишининг охирги бекати ҳисобланган «Дўстлик – 2 шох бекати»га етиб бориб, йўловчилар норозилигига сабаб бўлган ҳайдовчи билан тушинтириш ишлари олиб борилди.
Ҳайдовчига нисбатан белгиланган тартибда интизомий жазо чораси кўрилиши белгиланди.
Корхона ички тартиб қоидасига биноан, ҳайдовчилар автобус салонида совутиш тизими(кондиционер)ни соат 8:00 дан 19:00га қадар ёққан ҳолда ҳаракатланиши белгиланган.
Баёнотда, шунингдек, юқоридаги каби ҳолатлар кузатилган тақдирда “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятининг 1062 ишонч рақамига мурожаат қилиш мумкинлиги айтилган.