«Уммон» гуруҳининг собиқ солисти Зоҳид Рисқиев навбатдаги операцияни бошдан кечирди. Бу ҳақда унинг рафиқаси Камола Ортиқова ўзининг Инстаграм саҳифасида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, хонанда 23 август куни тиббий кўрикдан ўтган ва 25 август куни унинг аҳволи анча яхшилангани сабаб нафас олишга ёрдам берувчи трубани олиб ташлаш амалиёти ўтказилган.
Таъкидланишича, Зоҳид бу труба билан 8 ой юрган. Операциядан сўнг хонанданинг аҳволи анча яхши эканлиги айтилмоқда. Аммо ҳозирча унга 5 кун гапириш мумкин эмас.
Эслатиб ўтамиз, Зоҳид Рисқиев Тошкент шаҳри Юнусобод туманида жойлашган Mega Planet савдо маркази яқинида BMW машинасида катта тезликда бошқарувни йўқотиб, ЙТҲга учраган эди. Натижада бир киши ҳалок бўлганди.