Бунақаси олдин кузатилмаган: АҚШ давлат қарзи 33 триллион доллардан ошди

0

АҚШнинг федерал қарзи критик чегарадан ўтиб кетди ва 33 триллион доллардан ошди.

АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатнинг кредиторлар олдидаги қарзи миқдорини ўлчайдиган давлат қарзи 33,04 триллион долларга етган. Таққослаш учун, 40 йил аввал бу кўрсаткич 907 миллиард доллар атрофида эди.

 

«Қўшма Штатлар ҳеч ким фахрланмайдиган янги босқичга эришди: бизнинг ялпи миллий қарзимиз 33 триллион доллардан ошди. Биз бу катта рақамлардан ҳайратда қолдик”, — деди Масъулиятли федерал бюджет қўмитаси президенти Майя МакГинеас.

 

Муаммо шундаки, сўнгги бир ярим йил ичида фоиз ставкаларининг ўсиши давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатларини қимматлаштирган. Яъни, ставкалар ошиши билан федерал ҳукуматнинг қарзлари бўйича қарз олиш харажатлари ҳам ошади. Давлат қарзи бўйича фоиз тўловлари келгуси ўттиз йил ичида федерал бюджетнинг энг тез ўсадиган қисми бўлиши кутилмоқда. Тўловлар 2022 молия йилидаги 457 миллиард доллардан 2032 йилда 1,4 триллион долларгача уч баравар кўпайиши мумкин ва 2053 йилга келиб улар 5,4 триллион долларгача ўсиши тахмин қилинмоқда.