Бугун дунё аҳли мисли кўрилмаган жиддий ихтилофларга гувоҳ бўлмоқда, аммо уларни бартараф этиш учун ҳали имконият бор. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг «The Jerusalem Post» газетасида чоп этилган мақоласида сўз боради.
«Жаҳон аҳли БМТ таъсис қилинганидан кейинги глобал тартибнинг издан чиқиши ва халқаро тарангликнинг авж олишига гувоҳ бўлмоқда. «Совуқ уруш» давридан буён кузатилмаган ихтилофлар яна қайтмоқда. Оқибатда она сайёрамиз янги глобал қуролланиш пойгаси, ядро қирғини таҳдиди, қуролли, гибрид, кибер ва савдо урушларининг кенг ёйилиши каби жиддий муаммоларга рўбарў келмоқда», – деб ёзади Қ.Тўқаев.
Қозоғистон раҳбарига кўра, ихтилофларга барҳам бериш, тамаддунлараро мулоқот ва ишончни мустаҳкамлашда диний етакчилар ҳал қилувчи роль ўйнаши мумкин.
«Жаҳонда янги халқаро хавфсизлик тизимини барпо этиш янги глобал тинчлик ҳаракатини шакллантиришни талаб этади. Мен бу борада диний етакчиларнинг роли беқиёс деб ҳисоблайман. Дунё аҳолисининг 85 фоизи ўзини бирор бир динга мансуб деб билади. Бу муҳим омилдир. Шу тариқа диний етакчилар умумжаҳоний жараёнга сезиларли таъсир кўрсатади. Қолаверса, инсон ҳаётининг муқаддаслиги, ўзаро кўмакка чорлаш, рақобат ва ғанимликдан воз кечиш – барча динларга хос қадриятлар саналади. Ушбу тамойиллар янги умумжаҳоний низомга асос бўлишига ишончим комил», – деб ҳисоблайди мақола муаллифи.
Унга кўра, диний етакчилар одамларни нафрат, ғазаб ва душманлик каби ҳалокатга етакловчи иллатлардан қайтариб, инсонпарварлик, меҳр-муҳаббат каби гуманистик идеалларга даъват қилиши керак.
Қозоғистонда 2003 йилдан буён Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойи ўтказилиб келади. Машваратдан кўзланган мақсад динлараро мулоқот анъаналарини мустаҳкамлаш, диний жамоалар ўртасида ўзаро тушуниш ва ҳурматни чуқурлаштиришдан иборатдир.
Қ.Тўқаев ўз мақоласида мазкур қурултойнинг аҳамиятига ҳам тўхталган.