Мутахассислар СOVID-19нинг янги штамми қандай белгиларда намоён бўлишини айтишди

0

Куз мавсуми бошланиши билан дунёнинг баъзи минтақаларида коронавирус мавзуси яна кун тартибига чиқди. Эпидемиологик ҳисоботларда айрим давлатларда касалланишлар сони ўсиши қайд этилмоқда.

Мутахассислар буни COVID-19 нинг янги — BА.2.86 штамми тарқалаётгани билан изоҳлаяпти. “Пирола” деб номланган мазкур мутация илк бор шу йил август ойида Францияда аниқланганди.

Кўп ўтмай у Исроил, Канада, Дания, Буюк Британия, Жанубий Африка, Швеция, Норвегия, Швейцария, Таиланд ва АҚШ каби мамлакатларида ҳам рўйхатга олинди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги штаммни кузатув остига олгач, чуқур лаборатор текширувлар натижасида унинг таркибида “Spike” генининг 30 дан зиёд мутацияси мавжудлигини аниқлади. Бу “Пирола”нинг юқумлилик кўрсаткичи юқорилигини тасдиқлайди.

Дастлабки ўрганишларга кўра, BА.2.86 аломатлари сўнгги уч йил ичида тарқалган бошқа коронавирус штаммлари сингари ўткир респиратор вирусли инфекциялар симптомларига ўхшаш.

Беморларда иситма, узоқ муддатли йўтал, бош оғриғи, ҳолсизлик, ҳид ва таъм билиш қобилияти йўқолиши каби қатор белгилар кузатилмоқда. Касаллик баъзиларда нисбатан енгил ўтаётган бўлса, бошқаларда хасталикнинг чекиниши учун бир ҳафтадан кўпроқ вақт зарур бўляпти.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозиргача, BА.2.86 билан боғлиқ ўлим ҳолатлари кузатилгани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг маълум қилишича, шу кунгача мамлакатимизда ва қўшни давлатларда коронавируснинг ушбу штамми билан касалланганлар қайд этилмаган. Юртимизда эпидемик вазият барқарорлигича сақланмоқда.