Бугун Қашқадарё вилоятининг деярли барча туманларида чанг ғубори кузатилди. Қарши шаҳри ҳам чанг ғубори ичида қолди. Қуюқ туман кўринишини олган мазкур ҳодиса баъзи жойларда транспорт воситаларининг ҳаракатига ҳам салбий таъсир кўрсатди.
Бу ҳодиса юзасидан ЎзА соҳа мутахассисларининг фикри билан қизиқди.
– Вилоятнинг Нишон туманида кечки пайт соат 12:00 лар атрофида чанг ғубори бошланди, – дейди вилоят Гидрометерология маркази бош мутахассиси Абдуқаҳҳор Тожиев. – Бугун эрта тонгдан Қарши шаҳрига ҳам чанг ғубори кириб келди. Бу ҳодиса вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилмай қолмади. Хусусан, Ғузор, Қамаши, Шаҳрисабз, Деҳқонобод туманларида ҳам кузатилди. Бу чанг ғуборининг асосий сабаби ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида ёғингарчилик миқдори меъёридан кам бўлди. Натижада ердаги тупроқ заррачалари қуруқлашиб ҳавога кўтарилди. Кучли шамол натижасида чанг ғубори бутун вилоят бўйлаб тарқалди. Бу борада энг юқори кўрсаткич Муборак туманида кузатилди. У ерда шамолнинг максимал тезлиги секундига 15 метр-секунд бўлди. Шамол асосан Ғарб томондан қўшни Туркманистон орқали. кириб келди. Бугун прогноз бўйича вилоятнинг барча ҳудудларида ёмғир ёғиши кутилмоқда. Бу каби табиат ҳодисаси ёғингарчилик миқдори паст бўлса, кейинги ҳафтада ҳам кузатилиши мумкин.