1995 йилдан буён БМТнинг Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти кўмагида ўтказиладиган Тошкент Халқаро Туризм ярмаркаси бу йил ўзининг 28 ёшини нишонлади. 15 ноябрь куни ўз ишини бошлаган ярмаркада кўплаб давлат вакиллари иштирок этадиган сайёҳлик кўргазмаси, таниқли ошпазлар иштирокидаги гастро-бозор, туризм соҳасидаги етакчи халқаро ва маҳаллий мутахассислар иштирокидаги форум, шунингдек турли мамлакатларнинг хусусий компаниялари вакилларининг В2В учрашувлари, давра суҳбатлари, сайёҳлик хизматлари ва ҳунармандчилик кўргазмалари бўлиб ўтди.
Мазкур ярмарка доирасида 20 та хорижий давлатлар (жумладан, Чехия, Малайзия, Грузия, Озарбайжон, Таиланд, Россия ва бошқалар), Ўзбекистоннинг 14 та ҳудуди, хусусий сайёҳлик компаниялари, халқаро меҳмонхоналар тармоғи ва отеллар, авиакомпаниялар, етакчи саёҳат ҳамда транспорт компаниялари, онлайн бронь қилиш тизимлари иштирокида туризм кўргазмаси ўтказилди.
Бундан ташқари 28- Тошкент Халқаро Туризм ярмаркасига “Пусть говорят” ток-шоуси орқали таниш бошловчи Андрей Малохов ҳам иштирок этди. Бошловчининг сўзларига кўра у Россиядаги Апатиты шаҳри туризм салоҳиятини тақдим этгани келган.
Ярмарка давомида Ўзбекистондаги вилоятлар ҳам қатор манфаатли келишувларга эришди. Самарқанд вилояти туризм бошқармаси тадбиркорлар билан ишлаш бўлими мутаҳасисининг бизга берган маълумотларига кўра Россия, Қирғизистон ва Қозоғистон каби давлатлар билан келишувларга эришган.
Бухоро вилоятига эса 2024 йилда 1 млн. 200 мингга яқин сайёҳ келиши кутилмоқда.
Сурхондарё вилояти тиббиёт, зиёрат ва туризмнинг бошқа йўналишларида 10 дан зиёд шартномалар имзолангани маълум қилинди.
Умуман олганда деярли барча вилоятлар қатор келишувларга эришган. Фақатгина улар “қуруқ гап” бўлиб, қоғозларда қолиб кетмаса бўлгани. Зеро, мутахасисларнинг таъкидлашича туризм энг сердаромад соҳалардан бири ҳисобланади