Жиззахда пневматик қурол ва қорадори сақлаганлар ушланди

Жиззахда пневматик қурол ва қорадори сақлаганлар ушланди

Жиззах вилоятида “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида олиб борилган тезкор тадбирларда бир неча кишилар қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Хусусан, вилоятнинг Мевазор маҳалласида яшовчи 20 ёшли Д.А.нинг яшаш уйи кўздан кечирилган. Мазкур жараёнда хонадонда 2 дона полиэтилен пакет бўлакларига ўралган, қуриган ҳолдаги ўзига хос ўткир ҳидли 52 грамм оғирликдаги ўсимлик майдалари далилий ашё тариқасида ҳужжатлаштириб олинган. Яна бир ҳолатда қидирувда бўлган шахснинг яширин манзили аниқланган. Жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман суди томонидан фирибгарликда айбланиб, жорий йилнинг 2 февраль куни қидирув эълон қилинган Бахмал туманида туғилган 43 ёшли фуқаро ушланган.

Шу билан бирга, Дўстлик туманининг Ғафур Ғулом маҳалласи ҳудудида ҳаракатланаётган Lacetti тўхтатилган. 22 ёшли М.Н. бошқарувидаги автомашинани текшириш чоғида у 3 та қутида жами 150 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб кетаётгани аниқланган. Бундан ташқари Арнасой туманининг Мирзо Бобур маҳалласида истиқомат қилувчи 21 ёшли X.X. 1 миллион 800 минг сўмга дориларни сотган вақтида қўлга олинган.

Тезкор тадбирда “Ўратепалик” МФЙда яшовчи 41 ёшли Э.М.нинг яшаш уйидан 24 туп каннабис ва қуритилган ҳолдаги гиёҳвандлик моддаси, “Турон” МФЙда истиқомат қилувчи 25 ёшли И.Ю.дан 1 дона пневматик пистолет, “Алишер Навоий” МФЙда яшовчи Б.Ў.нинг хонадонидан жами 190 литр ёқилғи маҳсулотлари ҳужжатлаштириб олинган.

Бундан ташқари қидирувда бўлган шахс яширин манзилида ушланганида унинг телефонида диний материалларни тарқатиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан ҳозирда терговга қадар текширувлар олиб борилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: