АҚШда нефть заводида кучли портлаш содир бўлди
АҚШнинг Нью-Мексико штатида жойлашган HF Sinclair нефтьни қайта ишлаш заводида 31 октябрь куни портлаш содир бўлди, деб хабар берди маҳаллий ОАВ.
Гувоҳларнинг айтишича, портлаш шиддати шаҳарнинг бир нечта туманида эшитилган, завод ҳудуди устида эса қора тутун кўтарилган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар йўқ, бир неча ходимлар яраланган ва тиббий ёрдам олмоқда. Заводнинг қуввати кунига 100 минг баррел нефтьни қайта ишлашга тенг экани қайд этилган.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш хизмати ҳодиса жойида ҳаво сифати ва аҳоли саломатлиги учун хавф даражасини баҳоламоқда. Портлаш сабаблари махсус комиссия томонидан ўрганилмоқда.
Мутаҳассислар фикрича, бу ҳодиса мамлакатда ёқилғи таъминоти ва нархларига қисқа муддатли таъсир кўрсатиши мумкин.
