Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..”
* * *
— Сенинг иккита йўлинг бор. Шундан биттасини танла! — дея афтини бужмайтириб иржайди қози. — Иккаласи ҳам ўлим. Биринчиси — осиб ўлдириш, иккинчиси — пешонангдан отиб ташлаш. Албатта, ўлишинг учун бошқа йўлларни ҳам танлашинг мумкин. Айтайлик, ўзингга ўзинг пичоқ уришинг, электр орқали ўлдиришларини илтимос қилишинг ёки тириклай терингни шилиб олишларига буюртма беришинг ва ҳоказо. Аммо, барибир, биз сенинг ҳужжатларингга ё «осиб ўлдирилди», ёки «отиб ташланди», деб ёзиб қўямиз, десам, ёлғон гапирган бўламан. Ҳар қалай, ўлиминг олдидан битта рост гапни эшитишингни истайман.
— Нима экан? — деди маҳкум қозининг совуқдан-совуқ башарасига қараб.
— Ўз жонига қасд қилди, деймиз, — деб худди «шунчаки бир пиёла чой ичдим» деган одамдай чўнтагидан сигарасини олиб, уни бармоқлари орасида юмшоққина эзғилай бошлади.
«Айни дақиқада мана шу сигаранинг обрўси ҳам меникидан баланд», дея ўйлади маҳкум.
— Балки, учинчи йўли ҳам чиқиб қолар, — дея зўрма-зўраки жилмайди у.
— О-о-о, бўлганида қанийди! Аммо сира бунинг иложи йўқ. Шахсан Олий ҳазрат бунга қўл қўйганлар. Уни ўзгартириб бўлмайди… Ўзи нима қилардинг у зоти шарифнинг қитиқ-патига тегиб? Нима деса, тинчгина «хўп» деб кетавермайсанми? Мана энди нима бўлди? Ҳа, айтганча, биз ижрони хуфиёна бажаришимиз керак. Олий ҳазрат: «Ими-жимида ўлдиринглар, халқ билиб қолмасин», деган.
— Шунақами? Унда сенларгаям жуда қийин экан. Лекин мен бир нарсага ҳайрон бўлиб турибман. Қўлингда мени ўлдириш тўғрисидаги фармон тайёр бўла туриб, нега тезроқ ишингни битирмай, гап сотиб ўтирибсан? — деди маҳкум қаддини ростларкан.
— Ичим ачияпти, бу — бир. «Шундай академик бекордан-бекорга ўлиб кетаверадими?» деяпман, бу — икки. Ҳар қалай, мен ҳам инсонман. Менда ҳам юрак бор. Юрагим жудаям кичкина. Ўлгудай қўрқоқман. Лекин падар лаънати бор-да. Ўзи сен нима қилиб Олий ҳазратнинг ўғлининг айтганига кўнмадинг? «Хўп» десанг, бир жойинг камайиб қолармиди? «Академик бўлдим, тамом, менга ҳеч ким тегинмайди», дедингми?.. Айтганча, тўхта, сен унгача Олий ҳазрат билан яқин эдинг. Сени кўкларга кўтариб мақтаганди у. Аммо шуниям фойдаси тегмади. Бундай олиб қараганда, айб яна сенинг ўзингда, сен униям айтганини қилмадинг-да, — дея гугурт чақди қози.
— Меники эмас эди у сўраган нарсалар, халқники эди. Халқнинг нарсасини мен бировга бериб юборолмайман.
— Аммо бир оғиз айтсанг, ўша халқ сенинг айтганингни қиларди-ку.
— Мен ёлғон гапиролмайман.
— Эндиямми? Ажалинг ёнингга ўтириб олганда-я?!
Маҳкум жилмайди.
* * *
Китоб бор-йўғи бир дона экан. Ана, ўқитувчи шундай деб айтди. Ўқитувчи фақат унга эмас, синфдаги ҳаммага бегона. Чунки у Малоҳатнинг отаси. Малоҳатни эса йигитча, мана уч йилдирки, севади. Малоҳат бошқа қишлоқдан. Шунинг учун мактабдан бошқа пайт кўришишнинг сира иложи йўқ. Бу йил йигитча мактабнинг саккизинчи синфини битиради. Гап-сўзларга қараганда, уларнинг синфидагиларнинг ҳаммасини ҳунар-техника билим юрти (училище)га жўнатармиш мактабнинг директори. Ўлгур директор кимларгадир шундай деб ваъда берган эмиш. Илгари безори, иккичи болалар кетишарди. Шунинг учун ҳунар-техника билим юртининг обрўйи тушиб кетган. У ёққа биров ўз ихтиёри билан бормайди. Бу йил эса ҳўл-у қуруқ баравар ёнаркан. Омадсизликни қарангки, Фазлиддиннинг синфи шунга тушиб ўтирибди.
Фазлиддин яхши ўқийди. Фақатгина синфидагиларга нисбатан. Аслида эса, унинг калласи ҳам «ноль». Сабаби жуда оддий. Бир йил мобайнида улар уч ойгина одамдай ўқишади. Қолган пайтлари эса пахта билан банд…
Агар ҳунар-техника билим юртига боришмаганида ҳам, бундан бу ёғига тасодифан Малоҳат билан кўришиб қолмаса, бошқа кўришишнинг мутлақо иложи йўқ. Чунки, у, барибир, қолган икки синфни бошқа мактабда ўқишига тўғри келади…
Ўқитувчиси — Малоҳатнинг отаси: «Дарслик китоби бор-йўғи бир нусхада», деди-ю, Фазлиддиннинг калласини ишлатиб қўйди.
— Муаллим, — деди у қўлини кўтариб ўрнидан тураркан, — нега китоб бор-йўғи бир дона? Кейин у нега СССР тарихи китобидай семиз эмас, юпқа?
Ўқитувчи кулди. Кейин қўлини силтади. Дўпписини олиб, оппоқ сочини силаб қўйди.
— Бунисини мен ҳам билмайман.
Одатда, ўқитувчилар «билмайман» деган гапни ишлатишмасди. Аммо Малоҳатнинг отаси айтди.
— Мен билиб келсам, майлими? — деб юборди Фазлиддин беихтиёр.
— Қанийди, билсанг, ёзсанг! Лекин умрим бино бўлиб бу атрофдан биладиган, ёзадиган одам чиққанини билмайман, — деди ўқитувчи.
Фазлиддин бошқа гапирмади. Бироқ ич-ичидан қасдланди. «Биламан, ёзаман», деган қатъий қарорга келаркан, ортидан: «Шу баҳонада Малоҳатни ҳам кўриб тураман», деган ўй кечди хаёлидан.
Малоҳат билан ҳар куни кўришади, кўзлари кўзларига тушади, бироқ гаплашмайди. Иккиси ҳам бирдан кўзини олиб қочади. Иккаласи ҳам уялади… Малоҳат бир синф пастда ўқийди…
Фазлиддиннинг назарида кунлар жуда тез ўтиб кетаётгандай эди. Ҳар куни мактабга ошиқиб келади. Дарслар тезроқ тугашини, эртароқ танаффус бўлишини кутади. Танаффусда эса Малоҳатни қидиради. Топади. Иккаласи ҳам бир-бирига хуфиёна қарайди. Кўзлари кўзларига тушиши билан ўшандай бўлади. Бир лаҳзалик нигоҳлар тўқнашуви эса кўп нарсадан гапиргандай бўлади.
Фазлиддин мактабни битирди. Айрилиқни қанчалик истамаса ҳам, шу нарса содир бўлди. У отасига:
— Бутун синфимизни училищега жўнатишаркан, — деди.
Ота:
— Кўрамиз, — деди ўта жиддий оҳангда.
Орадан ўн кунча ўтиб эса, саккизинчини битирганлиги тўғрисидаги шаҳодатномани кўтариб келди.
— Тошкентда ўқийсан, бирорта техникумда, — дея яна гапни қисқа қилди ота.
У пайтларда Фазлиддин Тошкентни тасаввур қилолмасди. Телевизорда кўрган, аммо бормаган. Ўзи у ёққа отасидан бошқа оила аъзоларининг бирортасининг қадами етмаган эди. Баланд иморатлар, шошаётган одамлар — тасаввурида мана шу нарса пайдо бўлди. Чунки телевизорда кўрганлари шу эди-да. Аммо иккинчи томондан: «Малоҳатни қандай кўраман энди?» деган ўй миясини маҳкам эгаллаб олди. Бироқ Тошкентга йўлга чиқиш арафасида ўша миясидаги ўйга ечим топди. «Мен унинг отасига: «Тарихни ўзим ёзаман, ўзим китоб қиламан», деб ваъда бергандим ичимда. Ана шу нарса менга ёрдам беради», деди.
У педагогика техникумига ўқишга кирди. Унинг бошқача номи «педучилище» эди. Техникумнинг ҳам қошига «ҳунар-техника билим юрти» деб ёзиб қўйилганди. Аммо нимагадир (менимча, обрўйини кўтариш учун бўлса керак) «техникум» деб аталарди ўқувчилари орасида. Аммо у ерда, асосан, қизлар ўқиркан. Жуда кўп қизлар. Битта йўналишда, гуруҳда битта ўғил бола учраб қолса ҳам, катта гап эди. Фазлиддиннинг юраги орқасига тортиб кетди.
— Нима, мен фақат қизларнинг орасида ўқийманми?! — деди отасига аччиқ қилиб.
— Одам бўласан. Шу ерда қайсидир фанни яхши ўзлаштириб олсанг, катта ўқишга киришингга осон бўлади. Ана, мен гаплашган танишим шундай деди, — дея отаси суҳбатга дарров якун ясаб қўя қолди.
У ётоқхонага жойлашди.
Отаси уни ташлади-ю кетди.
Унинг эса биринчи қилган иши китоб дўконига бориш бўлди. Тарихга, Ўзбекистон тарихига оид китоб қидирди. Топди: жуда кам ва жуда юпқа. Улардан тузук-қуруқ бирор нима олиб бўлмас эди. Олган китобларини уч кунда ўқиб чиқди. Хотираси яхши эди. Хотираси зўр эди. Бунинг устига, қумқулоқ эди. Эшитганини шу заҳоти эсида сақлаб қоларди. Ана шуларнинг бари бир бўлиб ўқиган китобларини ёд олиб қўя қолди. Кейин яна китоб дўконига борди, китоб қидирди. Тополмади. Бадиий китоблардан икки-учтасини сотиб олиб келди. Ўқиди, биттаси роса зерикарли экан, уни ташлаб қўйди. Қолганларини ёд олди. Барибир, қидирган нарсасини тополмади. Аммо ҳозирги тил билан айтганда, мотивация олди шу китоблардан. Кейин тўғри китоб сотувчи аёлнинг ёнига бориб, ўзи истаган китобни сўради.
— Мен сени аввал ҳам икки марта кўргандим. Эслаб қолувдим. Олган китобларингни нима қилдинг? — деди сотувчи аёл.
— Биттасидан бошқа ҳаммасини ўқидим. Лекин шу биттаси роса зерикарли экан. Бир бет ўқигунча юрагим сиқилиб кетди, — дея жавоб берди Фазлиддин.
— Ана шунисини ўқи. Биласанми, уни ким ёзган? Камю ёзган. Агар ўшани ўқий олсанг, сабрли-бардошли бўласан. Бироқ сенга шуни мамнуният билан айтишим мумкинки, қидирган нарсанг бу ерда йўқ… Бошқа жойдан ҳам тополмайсан. Чунки Ўзбекистон тарихи тўғрисида бировга ёзишга рухсат берилмаган. Умуман олганда, маълумотлар ҳам кам. Топишинг мумкин архивлардан. Аммо шуни сенга айтишим керакки, фақат ўзбек тилини билишинг камлик қилади.
— Рус тилини ўрганаман, — деди шу заҳоти Фазлиддин.
— У ҳам кам. Араб, форс тилини билишинг керак. Аммо улардан олдин эски ўзбек ёзувини ўрганишинг керак. Уларнинг ҳаммасини билиб ҳам бирор нима қилолмайсан. Масалан, сени архивга биров киритмайди… Шундай экан, бошингни қотирмай, шу ердаги китобларда нималар ёзилган бўлса, шуларни ўқиб юравер.
Фазлиддин бирдан оғирлашди. Унинг елкасига биров тегирмон тошини қўйгандай бўлди. У китоб дўконидан судралиб, оёқларини зўрға босиб ташқарига чиқди. «Унда мен Малоҳатни кўролмасканман-ку. Кўролмасам, гаплашолмасам… Йўқ, тўхта, араб тили дедими анави хотин? Хўп, шу араб тилини ким ўргатади? Унинг ҳарфлари қанақа бўлади?» дея кўнглидан ўтказди ва яна ортига қайтди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)