Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (4-қисм)
Фазлиддин эртасига сотувчи аёл айтган домланинг ёнига борди. Боришидан олдин чўмилиб олди. Чунки, таҳорат қилишни билмасди. Таҳорат қандай қилинишини унга биров ўргатмаганди. Аммо масжидга шундай бормаслик кераклигига унинг ақли етди.
Борса, ҳамма пешин номозини (асосан қариялар) ўқиб бўлган ва одамлар тарқай бошлашганди.
У бир муддат масжидга кирмади. Ташқарида кутди, имомни. Имом ҳаммадан охирида чиқди. Соқолига оқ оралаган экан. Оппоқ саллали экан. Яктаги ҳам оқ.
Фазлиддин дарров салом берди.
— Кимни излаб келдингиз? — дея сўради имом.
— Сизни. Мени китоб сотувчи аёл жўнатганди, — деди Фазлиддин ҳозиржавоблик билан.
Имом жилмайди.
— Юринг ортимдан, — деди.
Улар кичкинагина ҳужрага киришди. Ҳужра ўртасидаги хонтахтада чойнак-пиёла турар, унинг ёнида уч тўртта китоб бор эди. Имом хонтахта ортига ўтиб ўтирди. Фазлиддинга ҳам ўтиришни таклиф қилди. Сўнг чой қуйиб узатди. Ана шундан сўнг:
— Менда нима ишингиз бор эди?
— Сиз менга араб тилини ўргатаркансиз.
— Бу гапни ҳам ўша аёл айтдими?
— Ҳа.
— Яхши. Энди бир танишиб олайлик. Кимсиз, қаерликсиз? Қайси мактабда ўқийсиз? — деди домла.
Фазлиддин жавоб беришдан олдин, бошини эгди. Малоҳатни қўшмасдан, бошқа гапларни ҳаммасини рўй-рост айтиб берди.
— Ўҳ-ҳў, — дея домла кулди, — орзулар жуда катта-ку. Лекин бунга осонлик билан эришиб бўлмайди. Одамлар бунча нарсани ўрганиб, китоб ёзгунларича сочлари оқариб, ёшлари бир жойга бориб қолади. Сиз шунга тайёрмисиз?
— Ҳа, — деди Фазлиддин имомга тик боқиб.
— Яхши. Менга ўша китоб дўконидаги сотувчи аёл сиз тўғрингизда бир-иккита маълумот берганди. Сиз бир кунда эллик бетли китобни, ундаги ҳадисларни ёд олибсиз. Шу гап тўғрими?
— Ёдладим, — дея бошини қимирлатди, Фазлиддин.
— Унда битта имтиҳон қилиб кўрайликчи, — деб имом, ўзи ёзган ва ўз қўли билан китоб ҳолига келтирган кичик ҳадислар тўпламидан сўрай бошлади.
Фазлиддин уларнинг ҳаммасига тўла тўкис жавоб берди. Ҳатто чалкаштириб берилган саволларда ҳам адашмади. Сўнгра, имом Навоий ғазалларига ўтди… Қониқди домла. Чин кўнгилдан хурсанд бўлди. Ўрнидан туриб, хонтахтани айланиб ўтиб Фазлиддиннинг елкасига қоқди.
— Мен сиздай йигитни кўрмаган эдим. Кўз тегмасин. Аллоҳ ҳамиша қўлласин, — дея дуо қилди, — ўргатаман, араб тилини, қўлимдан келганча, илмим етганча. Аммо қўрқаманки, тўрт кундан кейин сиз мендан ошиб кетиб, ўзимга…
— Йў-ў-қ, — деди Фазлиддин, хижолат бўлиб, — сиздан ўтиб кетолмайман.
— Ўтсангиз яхши, биродар. Бизни билмаганимиз қанча. Билганларим, тенгизни топича эмас. Хўш, майли бу гапларни қўйиб турайлик. Бугундан бошлаймизми?
— Ҳа, — деди бирдан кўзлари чақнаган Фазлиддин.
— Дафтар-қалам, олиб келган бўлсангиз керак.
— Ҳа, бор. Унда очинг. Фақат битта гап. Бу ерга келиб илм ўрганаётганингизни бировга айтманг. Келишдикми?
— Хўп.
Имом дарсни «алиф»ни ўргатишдан бошлади. Шунинг ўзига ярим соат вақт сарфлади. Ваҳоланки, бир айтганидаёқ, Фазлиддин ҳаммасини ёд олиб бўлганди. Кейин «ро»га ўтди. Унга янада кўпроқ вақт сафрлади. Сўнгра, бугунча мана шу етарли, деди. Аммо Фазлиддин кўнмади. Оз, деди. «Алифбо»ни бугуннинг ўзида ҳаммасини ўргатинг, деди. Домла рози бўлмади. Шуниси етади. Фазлиддин ҳам қайсар. Бунақа пайтда уни трактор билан ҳам қимирлатиб бўлмайди. Индамай ўтираверди. Домла яна битта ҳарфни айтишга, ёздиришга ва Фазлиддинга уни талаффуз қилдиришга мажбур бўлди. Ва ўша учта ҳарфни қўшиб сўз ҳам ясаб уни таржима ҳам қилиб берди. Бироқ Фазлиддин яна кўнмади.
Ёз ойлари, пешин билан аср оралиғи хийла узоқ, шу боисдан устоз, шогирд, анча талашиб-тортишиб яна бешта ҳарфни ўрганишди…
— Тўхта, таҳоратинг борми? — дея сўради имом, асрга яқин.
— Йўқ. Чўмилиб келганман. Таҳорат қилишни билмайман, — деди Фазлиддин.
Домланинг юзи ёришди.
— Эҳ, қайсаргина бола, қани юр, — деб ўрнидан турди.
Таҳоратхонага бориб, Фазлиддинга таҳорат олишни ўргатди.
— Энди, намоз ўқиймиз, номоз ўқишни биласанми? — дея сўради.
Фазлиддин бошини эгди. «Эҳ, деди ўзига ўзи имом, таҳорат олишни билмаган намоз ўқишни қаердан билсин?» дея кўнглидан ўтказди. Сўнг Фазлиддинни хужрага бошлаб бориб, қисқа сураларни кирил алифбосида ёзиб бермоқчи бўлди-ю, бирдан ниятидан қайтди. Чунки, унда хато бўлади.
— Сиз ҳақ бўлиб чиқидингиз, — деб яна Фазлиддиннинг елкасига қоқди, — Қуръон сураларини ёдлаш учун араб ҳарфларини тўлиқ ўрганиш керак. Илло, шундай ҳарфлар борки, бошқа имлоларда учрамайди. Майли, қурбимиз етгунича асрдан кейин яна ўрганамиз. Намоз пайти, мен қандай ҳаракат қилсам, шуни бажарасиз, холос. Аммо Худо ҳохласа бир ҳафтадан сўнг, ўзингиз мустақил ўқийдиган бўласиз.
Фазлиддин хуфтондан кейин ётоқхонага қайтди. «Вахтёр» хотин минғирлади. Қаерда юрибсан, шу пайтгача, деди. Ваҳоланки, соат ҳали тўққиз ҳам бўлмаганди. Фазлиддин гапирмади. Унга бир қараб қўйдида, йўлида давом этди.
Унинг уйқуси келмади. Ўқиганлари, ўрганган гаплари, имомнинг сўзлари атрофида чархпалакдай айлана бошлади. Ўтириб, хотирасида қолганларни дафтарга ёза бошлади… Шу билан вақт алламаҳалдан ҳам ўтиб кетганлигини сезмай қолди. Унинг имомга ҳаваси келганди. Имом, намоз ўқиётганида Қуръон оятларини шундай талаффуз қилдики, у гўё сеҳрланиб қолди. Мен ҳам шундай ўқийман, деди. Бироқ ҳали бунгача анча бор эди…
Тонгга яқин ухлаб қолди. Шу бўйича пешингача, ёстиқдан калла кўтармади. Аммо уйғонганидан сўнг, қўрқди. Бир нарсадан қуруқ қолгандай эди. Шоша-пиша бориб ювиниб келди. Кеча, ҳуфтон аввалида имом уни масжид яқинидаги ошхонада меҳмон қилганди. Шу еган овқати, ҳозир эса ювиниб келганидан кейин роса қорни очқаганини ҳис этди. Аммо эртароқ масжидга бориши, имомдан навбатдаги дарсни олиши зарурлиги миясида ғужғон ўйнаётганди. Йўлда еб кетарман деб, дафтарларини шоша пиша сумкасига солаётганида, эшик очилди. У ортига ўгрилиб қарашга улгурмасидан, тўрт бешта қиз, Райхонни унинг хонасига итариб киритиб юборишди-да, ўзлари эшикни ёпишди.
— Тушунмадим? — деди Фазлиддин бирдан жаҳли чиқиб.
— Менмас, — дея бирдан ортига қайтиб эшикни итарди, Райҳон, — қизлар, қизлар!..
Унинг юзи табассум билан лиммо лим эди. У ўзида йўқ хурсанд эди. Ҳозир, Фазлиддин бирор бир яхши гап айтади, деган ўйда эди. Шу боисдан эшикни номигагина итарарди.
Йўлакдан эса қизларнинг шўх-шодон кулгулари эшгитларди.
— Очамиз, деб оввора бўлманглар, биз эшикка швабрани тираб қўйдик, очилмайди! — дейишди улар.
Кейин уларнинг югуриб қочиб кетганлари эшитилди.
— Ярамаслар, — деди Райҳон номигагина.
— Нега бунақа қилдинглар? — дея сўради Фазлиддин турган жойида.
— Айтдим-ку, мен ҳеч нарса қилмадим, деб. Сизни озгина мақтагандим, шунга улар мени сизни севиб қолган деб ўйлашмб мажбурлаб олиб келишди-да, эшигингиз ҳам очиқ экан…
— Мен шошиб тургандим, эси жойидами у қизларни? Сўрамай нетмай…
— Сўрашганларида сиз кўнмасдингизда, шуни билганлари учун шундай қилишди. Улар ёмон қизлар эмас.
— Ёмонми, яхшими? Шу қилган ишлари… Фаросат борми ўзи? Бирига индама, иккисига индама! Қанака оилада тарбия кўргансизлар ўзи?!
Райхон бирдан Фазлиддин томонга ўгрилди. Ва жаҳл билан унинг кўзига қаради.
— Ҳақорат қилманг! Оғзингизга эгалик қилинг! — деди.
— Бўлмаса, нега бостириб кирдинглар!
— Ўзи сизда фаросат йўқ экан. Бўлмаса, фақат қизлар ўқийдиган учелишида ўзингизга бало бормиди? Сиз шу ҳолингиз билан шу ерда ўқиб кетаман деб ўйлаяпсизми? Қизларни холаси бўлиб!
— Нималар деяпсиз?!
— Қулоғингиз том битганми?!
— Чиқинг!
— Қандай қилиб? Ўлиб турганим йўқ. Сизга озгина меҳр берган одамни ўзи ахмоқ. Кўчада ҳақиқий эркаклар, йигитлар тиқилиб ётибди!
— Кетинг унда!
— Агар эшик очилганда, бир минут ҳам турмасдим.
— Қочиб туринг!
Райҳон четга ўтди. Фазлиддин эшикни итарди. Аммо у очилмади. Фазлиддин бироз ортига тисландида, эшикни тепди. Қарсиллаган овоз эшитилди.
— Синдирасиз! — деди Райҳон жаҳл билан.
— Синса, синсин!
— Қочиб туринг! — деб Райҳон қўли билан Фазлиддинни елкасидан четга суриб қўйдида, муштими билан эшикни урди.
— Фароғат! Фароғат, эшикни очинглар! Очинглар, эшикни! — деб бақирди.
Аммо Фароғат унинг овозини эшитмас эди. У етти эшик наридаги хонада қизлар билан шўх-шодон кулишаётганди. Бопладик, деётганди. Энди Райҳон, Ғўдайганнинг попугини пайсатириб, ўзиники қилиб чиқади, деяётганди. Райҳоннинг ҳам нияти шу эди…
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)