Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (6-қисм)

Владимир Бодров шогирдлари билан номигагина шуғулланарди. Чунки, биринчидан, уларнинг курашга уқувлари йўқ эди. Шунингдек, шогирдларнинг хоҳишлари ҳам бошқа нарсаларда эди. Қолаверса, улар амалдорларнинг болалари, фақатгина пахтадан қочиш мақсадида шу ерга келишарди. Шунинг учун Бодров ҳам қўлини силтаб қўйганди.

Орадан ҳафта-ўн кун ўтиб, у фақатгина Фазлиддин билан шуғуллана бошлади. Чунки биргина унда спорт билан шуғулланишга хоҳиш бор эди.

Орадан бир ой ўтди. Фазлиддин жиддий шуғуллангани боис, мураббий машқларни фақат у билан ўтказа бошлади. Фазлиддин рус тилидан «ноль» эди. Салом-аликдан бошқасини билмасди. Мана шу бир ой мобайнида, ҳар тугул, озми-кўпми тили чиқиб қолди. Амалдорларнинг болалари энди унинг устидан кулмай қўйишди. Уларнинг ўзлари (ҳаммаси) рус мактабларида ўқишарди. Шу боис тил масаласида уларнинг муаммолари йўқ эди.

Фазлиддиннинг баттар вақти бўлмай қолди. Билим юртида уни аввал боғбонга, сўнгра пайвандчига боғлаб қўйишди. Бу иш дегани ёмон кўп экан. Боғларни-ку, майли, бир бало қилиш мумкин эди, бироқ пайвандчи (дарвоқе, у ҳам ўрис эди, исми Сергей эди, ҳар доим кир-чир юрарди) қиладиган юмушлар жуда кўп экан. Ўтган йили қишда ўқув юрти бош биносининг саккиз жойида иситиш трубалари ёрилган экан. Фазлиддин пайвандчи билан бирга уларнинг ҳаммасини алмаштириб чиқди. Кейин ётоқхоналарга ўтишди, сўнгра ертўлалардаги трубаларни ямашди. Умуман олганда, буларнинг барини бажаришга унчалик кўп вақт кетмасди. Бироқ Сергей бир кун ишласа, икки кун маст бўларди. Ана шундай пайтда у асбоб-ускуналарни Фазлиддиннинг қўлига тутқазиб қўярди. «Ўрган, бир куни олдингдан чиқади», дерди у. Бошида пайвандлаш ишлари Фазлиддинга умуман ёқмади. Биров бўйнидан судрагандай ишга борарди у. Айниқса, Сергейнинг мастлигини кўрганида фиғони фалакка чиқарди. Кейинчалик пайвандлаш унга ёқиб қолди. Ҳаттоки иштиёқ пайдо бўлди унда. Чатирлатиб трубаларни бир-бирига улаб кетаверарди. Сергей маст бўлиб ухлаб ётганида эса, зарур бўлмаган жойларни ҳам пайвандлаб ташларди. Электрод текин, трубалар тиқилиб ётибди. Уларни умуман биров сўрамайди. Шундай экан, кўнглингга келган ишни қиласан-да…

Бир куни у велосипед ясади: рама қисмини. Агар унга рул ва ғилдираклар ўрнатилса, бемалол ҳайдаб кетса ҳам бўларди…

Яна имомдан оладиган дарслари ҳам кўпайди. «Бекор қолма, умрингни бошқа бир нарсага сарфлама», деди устози ва кўпроқ дарс бера бошлади. Фазлиддиннинг сўз бойлиги анча ошди. У унча-мунча арабий сўзларни, гапларни тушунадиган ва жавоб берадиган бўлди. Шунингдек, рус тилидан ҳам анча яхши бўлиб қолди. Чунки пайвандчи Сергей билан бир-бирини тушунишлари учун ҳам рус тили керак бўлаётганди-да унга.

Вақт эса елдек ўтиб бораётганди. «Бу кетишда ҳали-бери мен ниятимга етадиганга ўхшамайман», дея кўнгилдан ўтказарди Фазлиддин. Ахир ўзининг режаси бўйича уч ой мобайнида у тарихдан анча-мунча янгилик топган бўлиши ва Малоҳатнинг отасининг ёнига бориб, янгиликларни унга айтиб бериши керак эди… Аслида, тарих масаласида у унчалик ҳам шошилмаётганди. Бироқ Малоҳатни кўришга бўлган иштиёқ уни ҳоли-жонига қўймаётганди-да.

Ҳаш-паш дегунча яна бир ой вақт ўтди.

Якшанба куни пешинга яқин у масжидга борди. Борса, устози банд экан, бир киши билан гаплашиб ўтирган экан ўзининг хонасида.

У кейинроқ келарман деб энди эшикни ёпган эди ҳамки, имом уни тўхтатди.

— Келинг, ўтиринг, айни вақтида келдингиз, — деди.

Имом билан гаплашаётган одам ўтирган жойида кўришиш учун қўлини чўзди. Унинг ёши ўттиз беш-қирқлар атрофида эди. Сочлари ўсиб кетган, мўйлови оғзининг икки чеккасидан ҳам пастга тушиб турарди. Унинг Фазлиддинни менсимасдан кўришиши домлага ёқмади. У қошини чимириб қўйди.

— Бу йигитча укамдай бўлиб қолган. Ҳаракатлари жуда яхши. Келажакда, балки, бирор нима ёзадиган одам бўлар, деган умиддаман, — деди имом Фазлиддиннинг исмини айтганидан сўнг.

— Ёшинг нечада? — сўради бегона одам бурнини тортиб қўйиб.

— Ўн олтида, — дея жавоб берди Фазлиддин.

— Пахтага бормадингми?

— Йўқ. Мени қолдиришди. Билим юртининг хўжалик ишларини қилиш учун.

— Ҳимм, омадинг бор экан. Мана бундай инсон билан танишлигинг эса икки марта омадинг, — деб мўйлабли киши домлани кўрсатди. — Энди ўзимни таништираман. Мен Камол Шонман.

— Камол Шон? — дея ҳайрон бўлиб устозига қараб қўйди Фазлиддин.

— Тахаллуси шунақа. Исми Камол, фамилияси Бердиев. Ўзи журналист. Камига, менинг дўстим, — деб кулди имом.

— Қори ака, жа боплайсиз-да, — дея ўшшайди Камол Шон. — Камига бало борми? Дўстим денг, асакангиз кетсаям.

— Агар менинг ёнимга ичмай келганингизда, шундай дердим, — деди домла.

— Ичим куйиб кетаётганидан ичаяпман, қори ака. Мен билган нарсаларни сиз билганингизда, умуман яшашдан воз кечиб юборган бўлардингиз.

— Барибир, қанча билганингиз билан ҳаромга қўл уришга, ҳаромни ютишга ҳаққингиз йўқ.

— Хўп. Хўп. Шу сафар охиргиси. Бошқа бўлмайди. Лекин менга ҳозир пул керак. Қалам ҳақини эртага оламан… Уйда нон йўқ, ишонасизми? Иккита бола чирқиллаб ўтирибди.

— Лекин бунинг учун пул сўрамаяпсиз. Томоғингиз тақиллаб турибди.

— Ўлай агар! Худо ҳаққи, сиз менга ароққа етмайдиган пул беринг, тамом!

— Ароқдан арзон ичимлик йўқми?

— Бор, лекин ичмайман.

— Худодан қўрқинг, биродар. Муттасил ичган одам ота-онасига оқ бўлади. Гарчи ота-онаси оқ қилмаса-да. Охиратингизни ўйланг.

— Хўп, дедим-ку.

Имом чўнтагидан битта уч сўмлик чиқариб, Камол Шоннинг олдига қўйди. Сўнг Фазлиддинга юзланиб:

— Сиз гувоҳсиз, мен Камолга бола-чақаси учун нон олишга пул бердим. Қиёматда менинг ёнимда турасиз, — деди қори Муҳаммад Али.

Унинг гапларига дўсти кулди.

— Қори ака, мана шу бола сизнинг шогирдингизми? — дея Фазлиддинни кўрсатди.

— Ҳа, — деб жавоб берди домла.

— Унда яна бир марта гувоҳликка ўтади у. Ҳозир мен билан бирга бориб, нон сотиб олганимни, кейин уни уйга олиб борганимни ўз кўзи билан кўради. Кейин сизга келиб айтади.

— Шарт эмас, менга Худонинг гувоҳлигининг ўзи етади.

— Йўқ, шу сафар мана шу бола мен билан бирга боради. Қани, кетдик, бўлмаса, — деб Камол Шон ўрнидан турди.

Фазлиддин «Нима қилай?» деган маънода устозига қаради.

— Майли, боринг, — деди имом.

Камол Шон ёлғон гапирмаган экан. Уйига тўрт буханка нон олди. Яна кичкина бозорчадан помидор, бодринг, кўкат, картошка, пиёз сотиб олди.

— Ана, — деди Фазлиддинга қараб жилмаяркан, — уч сўмдан бир тийин ҳам қолмади. Энди уйга борамиз.

— Йўқ, мен қайтишим керак, ишларим бор эди, — дея эътироз билдирди Фазлиддин.

— Ёш болага ишга бало борми? Бунинг устига, бугун якшанба. Ҳа, бир нарсани айтиб қўяй, анави ўқиш жойингда бирортаси ғиринг деса, ўзимга айтасан. Типирчилатиб ташлайман. Айтганча, директорларингни танийман: Абдували ака. Бир марта ёмон зўр материал келган унинг устидан. Агар ўша мақола газетада чиқиб кетганида, оёғи осмондан бўларди директорнинг. Олдимга анча тавба-тазарру қилиб келган. Икки юз сўм пора ҳам берган. Хуллас, у томондан ишинг бўлмасин, юр уйга, — деб оёқ тираб олди Камол Шон.

Унинг уйи унчалик узоқ эмас экан. Икки бекатча нарида экан. Улар пиёда кетишди. Камол Шоннинг чўнтагида бир тийин ҳам қолмаганди. Бироқ Фазлиддинда пул бор эди. Лекин Камол Шон унинг пулини ишлатишни истамади. Бўлмаса, йўл ҳақи бор-йўғи беш тийиндан ўн тийин бўларди.

Камол Шон яхшигина тилли-жағли экан: Фазлиддин йўл-йўлакай унинг тинимсиз гапирганидан билди буни.

— Худога шукур, — дея қарши олди Камол Шоннинг хотини эри тўлиб-тошиб кириб келганидан хурсанд бўлиб, — яна сизни бир қоп картошкадай ташлаб кетишадими, деб қўрқиб ўтиргандим.

— Мен сенга бир сўзли одамман, деганман, — дея ғўдайди Камол Шон.

— Бу гапингизни бошқа жойда айтинг. Сизнинг қанчалик бир сўзли эканингизни мендан яхши биладиган одам йўқ.

— Бўпти, бўпти! Индамаса, бирдан жағинг очилиб кетади. Меҳмон бор. Дарров бирор нима тайёрла.

Камол Шоннинг хотини жуда чаққон аёл экан. Бирпасда дастурхон тузади. Албатта, улар олиб келган нарсалардан.

Масаллиқнинг ҳаминқадар эканлигини яхши билган Фазлиддин жуда берилиб овқатланмади, номига бир нималарни еган киши бўлиб ўтирди.

Шу орада телевизорда «Ялла»нинг концерти берилиб қолди.

«Қарғалар учса, қарайлик Марғилоннинг йўлига!

Ҳиди келса маст бўлайлик, ҳиди келса маст бўлайлик ҳандалакнинг бўйига!

Ҳандалак бўйликкинам…»

— Онангни… — деб жуда ёмон сўкинди Камол Шон қўшиқ шу ерга етганида.

Фазлиддин ҳайрон бўлиб унга қаради. Айни пайтда Камол Шонни ёмон кўриб кетди.

— Бу ифлосларнинг қўшиғини эшитаяпсанми?! Итдан тарқаганлар нима деяётганликларини ўзлари ҳам билмайди! — дея хонтахтага муштлади Камол Шон.

— Дадаси! — деди ошхона томондан кириб келган аёл. — Яна бошладингизми?!

— Сен нима деб қўшиқ айтаётганларига қара бу ҳаромхўрларни! Қарғалар учса, Марғилоннинг йўлига қарармишмиз!.. Ҳа, қараймиз! Лекин ўйин-кулги учун эмас. Буларни қара, мотам қўшиғини кайфу сафо қўшиғига айлантириб юборишибди… Аввал ҳам эшитгандим булардан шу қўшиқни. Анави жуҳуднинг ёнига бормоқчийдим…

— Хўп, ҳандалакнинг ҳиди келаркан… — дея энди оғиз очганди хотини, Камол Шон қўлини кўтариб уни сўзлашдан тўхтатди.

— Эй, саводсиз хотин! Бу ерда ҳандалакнинг ҳеч нарсага алоқаси йўқ. 1918 йилда арманларнинг «Дашноқцутюн» террорчилик ташкилоти Фарғона водийсида қирғинбарот уюштириб, ўн минглаб одамларни қатл қилган, йўл ёқаларига дор қилиб, оддий одамларни, деҳқонларни, қарияларни, ёш болаларни осган. Қатл амалга оширилгач, уларнинг жасадига тегинишга, уларни кўмишга рухсат берилмаган. Ўликлар осилган ҳолида сасиб, бижғиб кетган. Қарғалар учиб келиб, уларни чўқилаб еган… Қандай даҳшат! Тушунаяпсанми? Минглаб осилган одамлар… Чириётган, ириётган жасадлар… Аслида, «Қарғалар учса, қарайлик» мотам қўшиғи. Одамлар ўша пайтда жигаргўшаларининг жасадини дорлардан олиб кўма олмаганлари учун шундай қўшиқ тўқишган… Сен менга «яна бошладингизми?» дейсан!..

Бу гапларни эшитаётган Фазлиддиннинг бутун вужуди титради. У сеҳрлангандай қотиб қолди.

— Менинг арманларда қасдим бор! Менинг ўрисларда, анави коммунистларда қасдим бор! Биласанми, нега? Ўшанда калла савдоси кетган. Ленин ҳар битта узилган мусулмон боши учун мукофот ваъда қилган. Ўша мукофотни олиш учун битта арман бошқа бир армандан одамнинг бошини сотиб олган… Қандай даҳшат! Бутун-бутун қишлоқлар йўқ қилиб юборилган…

— Дадаси, — деди жойида қимирламай турган аёл, — келинг, телевизорни ўчириб қўяйлик. Қолаверса, уйда меҳмон бор. Шу меҳмонни ҳурмат қилинг.

— Музлаткичда анавидан қолганми? — деди Камол Шон.

— Ҳа, бор.

— Олиб кел.

Аёл Фазлиддинга қаради.

— Меҳмонингиз ёш бола-ку, — деди.

— Биламан. У ичмайди. Қолаверса, бу бола қорининг шогирди. Ҳали менинг ичганимни устозига гапириб берса керак. Аммо қори зўр одам. Мард одам. У ҳақиқий инсон… Сен анавини олиб кел, менинг ичим ёниб кетаяпти.

— Хўп, — деди аёл ва хонадан чиқиб кетди.

Орадан бир лаҳза ўтар-ўтмас, у шиша кўтариб келиб, дастурхоннинг ўртасига қўйди. Шиша ярим эди.

Камол Шон шоша-пиша уни очди-да, ўзининг пиёласига тўлдириб қуйди. Фазлиддин эса бу одамдан анча маълумотлар олиш мумкинлигини тушуниб етди ва жим ўтириб, унинг ичишини кузатди.

Камол Шон пиёлани бўшатганидан кейин лабини кафти билан артиб, илжайди.

— Сиз домлага «ичмайман», деб ваъда бергандингиз, — деди унга Фазлиддин.

— Ҳа, тўғри. Лекин унинг пулига ичмадим, тўғрими? Аммо гап бунда эмас. Битта гап: ичкилик ўзимнинг ҳам жонимга тегиб кетган. Эртадан, мана кўрасан, умуман йиғиштираман. Ҳозир ичмасдим, агар анави нусха шунақа қўшиқни ўйноқи қилиб айтганини эшитмаганимда. Сен жуҳудларни билмайсан. Аслида, ҳамма қилғиликни шулар қилишади, кейин ўзлари четга чиқиб олишади. Бу ёғи ҳаммаёқ остин-устун бўлиб кетади-ю, айбдор бошқалар бўлади!

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: